Янги Зеландия коронавирус устидан иккинчи марта ҳам ғалаба қозонганини эълон қилди
Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн мамлакатнинг энг йирик шаҳари Оклендда карантин чора тадбирлари юмшатилганини эълон қилди, шу тариқа мамлакат коронавируснинг иккинчи тўлқинини ҳам тўлиқ енгди, дея хабар берди Lenta.ru нашри.
“Чунки Окленд ва Янги Зеландия аҳолиси икки марта ҳам самара берган режага амал қилдилар ва яна бир бор вирусни енгдилар”, таъкидлади ҳукумат раҳбари. У август ойида жорий этилган иккинчи карантиннинг якунлангани билан Окленд аҳолисини табриклади. Маълум қилинишича, энди бу ерда оммавий тадбирлар ўтказилишига рухсат берилади. Шу билан бирга, Ардерн аҳолини ҳушёрликни йўқотмасликка чақирди.
Август ойида ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус Янги Зеландия ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб, мамлакатни бутун дунё учун намуна сифатида кўрсатган эди. Унга қадар, июль ойида Жасинда Ардерн вируснинг биринчи тўлқини тарқалишини тўхташига олиб келган, қатъиятли ва эрта кўрган чоралари сабабли халқаро мақтовга сазовор бўлган эди.