Яқин кунларда Россиядан 8,5 минг фуқаро поездларда олиб келинади

Россиянинг Волгоград вилояти Волжский шаҳридан Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида “Волжский – Тошкент” йўналишида поездлар сони тўққизтага етказилиб, жорий йил октябрь охири ва ноябрь бошида 8,5 мингга яқин ўзбекистонликни олиб келиш режалаштирилмоқда.

Поездлар «Волжский» бекатидан 22, 23, 25, 26, 28, 29, 31 октябрь ҳамда 1 ва 2 ноябрь кунлари “Волжский – Тошкент” йўналишида Россия вақти билан соат 21:57 да қатновни бошлайди.

Ҳар бир поезд таркибида 938 нафар йўловчига мўлжалланган 20 тадан вагон бўлиб, улар Россия ҳудуди бўйлаб тўхтамасдан ҳаракат қилади. Чипталар сотувда мавжуд.

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.