Яқин йилларда йўқ бўлиб кетадиган 5 та диққатга сазовор жойлар

Оммавий ахборот воситалари ва сайёҳлик агентликлари аҳён-аҳёнда Венеция яқин орада сув остида қолиб кетишини эслатиб туради. "Яқин орада" деганда улар 100-200 йилни назарда тутади, бироқ имкон қадар тезроқ дунёнинг бундай диққатга сазовор жойига ташриф буюришни тавсия қиладилар. Биз, албатта, бунга ишонамиз ва сайёрамизнинг ноёб бурчакларини ўз кўзимиз билан кўришни орзу қиламиз.

Ушбу мақола доирасида биз тез орада бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин бўлган диққатга сазовор осори-атиқаларга тўхталишни таклиф қиламиз.

Мальдив ороллари океанга чўкмоқда

Ўзининг қордек оппоқ қуми, мовий океани, осойишталиги ва узоқда жойлашуви учун қадрланадиган курорт тобора сув остида қолмоқда. Эндиликда оролларнинг энг баланд нуқтаси денгиз сатҳидан бор-йўғи икки ярим метр баландликда кўриниб туради, қирғоқлар эса океанга ботиб бормоқда. Расмийлар сув тошқини билан қандай курашиш йўлини излаётган бир пайтда эпчил ишбилармонлар аллақачон сув остида меҳмонхоналар қуриш ғоясини ўйлаб топишди.

 Тож Маҳал. Пойдевордаги жиддий муаммолар

Ноёб сарой дунёнинг замонавий мўъжизаларидан бири ҳисобланади: дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар ташриф буюрадиган пахтадек оппоқ иморат нафақат таъсирчан, балки ҳайратланарлидир.

Лекин сўнгги йилларда Тож Маҳал сарғайишни бошлаган ва меъморларнинг фикрича, унинг ёғоч пойдевори сайёҳлар учун хавф туғдириши мумкин. Олий суд бино тартибга келтирилмаса, уни бузиш билан таҳдид қилган. Венеция ёки Мальдив оролларидан фарқли ўлароқ, бу яқин йилларда содир бўлиши мумкин.

 Ўлик денгиз Иордан дарёси туфайли қуриб бормоқда

Қирғоғида бемалол ётиб олиш мумкин бўлган тўлқинлар, оппоқ туз ва ноёб шифобахш хусусиятлари - ҳар йили ўн минглаб сайёҳлар даво олиш учун Ўлик денгизга борадилар. Муаммо шундаки, сув омборини озиқлантирадиган Иордан дарёси жуда тез суръатларда қуриб бормоқда, шу билан бирга Ўлик денгиздаги сув сатҳи ҳам йилига деярли бир метрга пасайяпти. Тез орада у жуда шўр кўлга айланиши мумкин ва кўлами ҳайратга қолдиришда тўхтайди.

Килиманжаронинг қорли тепаси даҳшатли тезликда эримоқда

Экватордан бир неча километр узоқликдаги иссиқлик ва оқ музликларнинг ноёб бирикмаси Килиманжаро тоғи чўққисини дунёдаги энг ҳайратланарли жойлардан бирига айлантирди. Албатта, тоғ ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди, лекин унинг ён бағирларидаги қор даҳшатли тезликда эрий бошлаган: қор кўрпанинг тахминан 85 фоизи аллақачон буғланган. 15 йилдан кейин бугунги ажойиб манзарани кузатишнинг иложи бўлмайди.

Буюк Хитой девори қисқариб бормоқда

Ушбу иншоотнинг узунлиги шунчалик каттаки, ҳеч ким узоқ вақт давомида девор аста-секин қисқариб қолганига эътибор бермаган. Айни пайтда, қадимий тўсиқнинг учдан бир қисми аллақачон ғойиб бўлган. Баъзи ҳудудлар вақт ўтиши билан эскирди, бошқалари эса ғиштларини сайёҳларга бир неча доллардан сотиш учун маҳаллий аҳоли томонидан талон-торож қилинган.

***

Афсуски, сайёрамиздан нафақат тарихий обидалар, гўзал масканлар, балки бутун ҳайвон турлари, ҳатто баъзи халқларнинг тиллари ҳам йўқолиб бормоқда. Яқинда XXI асрнинг охирига келиб, инсоният бугунги кунда мавжуд бўлган тилларнинг тахминан 30 фоизини йўқотиши маълум бўлди. Бу нимага олиб келишини ҳаёт кўрсатади.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.