“Яшил энергия”: Самарқандда янги техник хизмат кўрсатиш маркази ишга тушди
Жойларда қайта тикланувчи энергия манбалари кўп ўрнатилгани сайин уларга техник хизмат кўрсатишга бўлган эҳтиёж ҳам ошяпти.
Самарқанд шаҳрида қуёш панелларини ўрнатиш ва эксплуатация қилишга ихтисослашган “Яшил энергия” МЧЖ вилоят ҳудудий бўлинмасининг вилоятдаги илк қуёш панелларига техник хизмат кўрсатиш сервис маркази ҳам шу эҳтиёж асосида ишга туширилди.
- Компаниямиз вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатади ҳамда эксплуатациясини назорат қилади, шу билан бирга уларни доимий равишда мониторинг қилиб боради, - дейди “Яшил энергия” МЧЖ вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Алишер Муталибов. – Шунингдек, қуёш фотоэлектр станцияларининг иш режимларини доимий назорат қилиш, юзага келган носозликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш, қуёш панелларига сервис хизмати кўрсатиш сингари хизматларни кўрсатади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, мутахассисларимиз қуёш панелларини чанг ва ғубордан тозалаш хизматини ҳам йўлга қўйди.
Марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Н.Ибрагимов, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ф.Нажмиддинов ҳамда Энергетика вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.