“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси: Қанча кўчат экилди? Уларни парвариш қилишдан кўнгил тўляптими?
Бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, тўрт туп дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради.
Бу маълумотларни бежиз келтирмадик. Хўш, шундай экан, вилоятимизда яшил майдонлар яратиш, кўчат ўтқазиш, парваришлаш, ўрмонзорларни кенгайтириш, мавжуд яшиллик дунёсини муҳофаза қилиш бўйича қандай ишлар олиб бориляпти?
Вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимлиги котибият мудири Толиб Бобоев, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофоза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Раббимов ва соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар масъуллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида шу саволларга жавоб изланди.
- Вилоят ҳудудида 2022 йил куз мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 6,342 миллион туп, 2023 йил баҳор мавсумида эса 10,364 миллион туп мевали, манзаралари дарахт ва бута кўчатлари экилди, - деди Т.Бобоев. – Вилоятдаги ҳар бир маҳалладаги кўчалар ва ариқлар бўйлари, кўп қаватли уйлар атрофига камида 2 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, минг туп тут, 5 минг дона терак қаламчалари ва 15 мингдан зиёд гул кўчатлари экилиб, намунавий кўчалар ташкил этилди.
Вилоятда дарахт экиш ва парваришлашда жамоат ишлари жамғармасидан 1,3 млрд. сўм маблағ жалб қилган ҳолда 1 260 нафар ишсиз фуқароларни, биринчи навбатда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг вақтинчалик бандлиги таъминланди.
Вилоятда “Яшил ҳудудлар” салмоғини ошириш мақсадида барча туман ва шаҳарларда 2023 йилда жами 15 гектар майдонда “Яшил боғлар”, 15 гектар майдонда “Яшил жамоат парклари”, Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ туманида 2,5 гектар мавжуд истироҳат боғлари негизида жамоат парклари ташкил этилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳри Қорасув массивида мавжуд 52 гектар майдоннинг 38 гектарида “Янги Ўзбекистон боғи”, 14 та туманда 13 гектар ҳокимлик боғлари ташкил этилди.
Анжуман давомида мутахассислар мухбирларнинг “Экилгани яхши, унинг парвариш қилиниши, ниҳолларнинг қуриб қолмаслиги учун қандай ишлар қилиняпти”, деган саволларига кўкаламзорлаштириш ҳудудларида суғориш тармоқлари қазилгани, ер ости сув чиқариш қудуқлари тикланаётгани, шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига кўчатларни суғориш ва парваришлаш ишларида фойдаланиладиган махсус техникалар харид қилинаётгани ҳақида батафсил жавоб берди.
- “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кузда ҳам давом этади, - дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофоза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Раббимов. – Хусусан, вилоят бўйича кузда 6,125 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. 54 та кўчатхоналар ташкил этилиб, қўшимча 13,5 миллион туп кўчатлар захираси яратилади. Шунингдек, 16 та шаҳар ва туманда 14,8 гектар ҳокимлик боғлари, 28,4 гектар “Яшил боғ”лар ташкил этилади. Масалан, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналари ва уларга туташ бўлган ҳудудлардаги 93 гектар майдонда 16 753 дона қайрағоч, япон сафораси ва айлант каби дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилади.