Яширин иқтисодиётни қисқартириш билан боғлиқ қабул қилиниши кутилаётган фармонга қандай таклифингиз бор?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси  www.regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди. Айни кунларда ушбу ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Яширин иқтисодиёт турли шаклларда намоён бўлиши ва мамлакатимизда унинг даражаси юқорилигича қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Буни мамлакатимизнинг иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнидан ҳам кўрса бўлади. Хусусан, ушбу рейтингда республикамиз 186 та мамлакат орасида 114-ўринни эгаллайди.

Албатта, кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Президент фармони лойиҳаси ҳам ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида эзгу мақсадларни назарда тутиши шубҳасиз.

Бироқ яширин иқтисодиётга қарши курашишда иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик лозим. Акс ҳолда бу олдимизга қўйилган мақсадлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фармон лойиҳаси юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлари, илмий доира вакиллари, журналист ва блогерлар томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкка ўз таклифларини киритди.

Ўйлаймизки, масъул вазирлик ва идоралар жамоатчилик фикрини эътиборга олиб, ушбу фармон лойиҳасини қайта кўриб чиқади.

Эркин ГАДОЕВ,

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси.