Яширин иқтисодиётни қисқартириш, яшил энергетикани жорий этиш солиқ тушумлари кўпайишини таъминлайди

Самарқанд туманида солиқ тушумларини кўпайтириш, яширин иқтисодиётни аниқлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда бюджетга қўшимча тушумлар таъминлаш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда тумандаги мавжуд молиявий имкониятлар, давлат солиқ хизмати ва маҳаллий бошқарув органлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, яширин иқтисодий фаолият – расмий ҳисобда қайд этилмаган ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо фаолияти билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва уларни қонуний майдонга олиб чиқиш бўйича тизимли чоралар белгиланди.
Шунингдек, туман ҳокими томонидан ҳудудда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари, томорқа хўжаликларидан самарали ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда янги технологиялар асосида экин етиштириш масалалари юзасидан тақдимот ўтказилди. Аҳолининг томорқаларини даромад манбаига айлантириш мақсадида берилаётган кўмак ва таклиф этилаётган лойиҳа вариантлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Йиғилиш доирасида яна бир долзарб йўналиш – яшил энергетикани ривожлантириш, яъни қуёш панеллари, биоэнергетика ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Туман ҳокими ушбу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар, давлат-хусусий шериклик асосида олиб борилаётган ишлар, аҳолига берилаётган имтиёзлар ва субсидия дастурлари ҳақида ахборот берди.
Вилоят прокурори М.Эшназаров йиғилиш якунида барча мутасаддиларга аниқ топшириқлар бериб, ҳар бир йўналишдаги ишларнинг ижросини қатъий назоратга олиш лозимлигини таъкидлади.