Солиқ қўмитаси янги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётганини маълум қилди
Гап “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳақида бўлиб, бир неча кундан буён қарордаги айрим бандлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётганди.
Жумладан, картадан картага ўтказмаларининг текширилиши, бунда жисмоний шахслар учун йилига 100 миллион сўм, тадбиркорлар учун 500 миллион сўм лимит белгиланиши, Марказий банк ва Солиқ қўмитаси картадан картага шубҳали ўтказмалар бўйича маълумотлар алмашишни бошлаши ҳақидаги хабарлар турли мунозараларга сабаб бўлди.
Бугун Солиқ қўмитаси баёнот бериб, ҳар бир солиқ тўловчининг фикр ва мулоҳазалари ҳурмат қилиниши, қарор аввало, жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини маълум қилди.
“Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Ҳукуматга киритилишидан олдин амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик фикр-мулоҳозасини ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Жамоатчилик муҳокамалари (тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсиялари) асосида лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир этувчи тартиб-таомиллар ва талаблар бартараф этилгандан сўнг лойиҳа Ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади, дейилади Қўмита хабарида.