Яхши китобларни ўқишимиз керак ёки ақлли интеллект билан суҳбатлашаман, деб уялиб қолдим

Китобхонликни янада яхшилаш мавзусида мақола ёзиш қийин бўлди. Нега дейсизми? Ўзи китоб ўқишга даъват этиш керакми ёки китоб ўқишни тарғиб қилиш лозимми, деган саволга жавоб топиш муҳим бўлди.
Мақола устида бош қотириб ўтирганимда хаёлимга бир фикр келди ва дарров шу ишга киришдим: сунъий интеллектдан ёрдам сўрадим. Ақлли “дўстим”дан “Энг кўп китоб ўқийдиган мамлакат қайси?” деб сўрадим. У “NOP World Culture Score Index 2021”нинг сарҳисобини чиқариб берди. Бу дунёда одамларнинг китоб ўқиш, телевизор томоша қилиш, мусиқа тинглаш ва интернетдан фойдаланишга қанча вақт сарфлаши тўғрисидаги индекс экан. Франциянинг Париж шаҳрида жойлашган бу ташкилот ёши, жинси ва турмуш тарзи турлича бўлган одамлар ўртасида аноним сўров ўтказиб, натижасини эълон қилган.
Хуллас, маслакдошим “дунё бўйлаб турли тадқиқотлар ўтказилган, лекин инглиз тилида киритилган турли маълумотлар натижасига кўра, энг кўп китоб ўқийдиган мамлакат бу – Ҳиндистон”, деди. Ҳиндлар ҳафта давомида 10 соат 42 дақиқа вақтини бадиий китоб мутолаасига сарфларкан. Таиландликлар 9 соат 24 дақиқа, хитойликлар 8 соат, филиппинликлар 7 соат 36 дақиқа вақтини китоб ўқиш билан ўтказаркан. Шунингдек, Миср, Япония ва Германияда ҳам адабиётга ошнолар бисёр, деди.
Шу денг, суҳбатнинг кульминацияси кейин бўлди. Уни “ақлли”, “дўст”, “маслакдош” каби илиқ сўзлар билан олқишласам, мақтасам, жуда бетгачопар чиқиб қолди. Мен сўраган ҳамма саволларимга жавоб қайтариб, “Сенда-чи, китоб ўқиш маданияти ошяптими? Бадиий китоб ўқиш учун қанча вақт ажратасан?”, деб сўраб қолса бўладими.
Оббо! Темир барибир темир эканда-а?! Агар одам бўлганида, ундан хафа бўлардим, гина-кудурат қилардим. Борингки, ёлғон бўлса ҳам, ҳар куни мана шунча вақт, бунча варақ китоб ўқийман, деб хаёлимга келган рақамни айтардим. Аммо “сунъий дўстим” менинг юзимга ойна тутди. Компьютер тугмаларини уялиб-қимтиниб, “Бу саволингга жавоб беришдан уяламан, китоб ўқиш учун кам вақт ажратаман”, деб ёздим.
Йўқ, ChatGPTда ҳам ўзбекча юз-хотир бор экан, мен ўйлаганимдек андишасиз эмас экан. “Хижолат бўлишнинг ҳожати йўқ, муҳими, қанча эмас, сифатли ўқишда” деб мени юпатди. Хайрият-э!
“Суҳбат”имиз давомида дўстим бири-биридан яхши, содда усулларни тавсия қилди. Китоб ўқиш учун ҳар куни дастлаб 10 дақиқа вақт ажрат, кейинчалик вақтни кўпайтириб, камида бир соатга етказ, деди. Китоб танлашга ҳам жиддий эътибор қаратишим, фақатгина ўзим учун қизиқ бўлган адабиётларни ўқишим керак эмиш. Акс ҳолда, бу тескари таъсир кўрсатиши мумкин экан. Босим остида мутолаа қилиб, завқланиб бўлмайди, деб ўгит берди доно суҳбатдошим.
Гапининг якунида суҳбатдошим чиройли, ёқимли овозлаштирилган аудиокитобларни тинглашни ҳам тавсия қилди. Ва, тўғри ҳам айтди, интернет тармоғида бундай китобларни хоҳлаганча топиш мумкин. Тинглаш учун ҳафсала қилсак, кифоя.
Беҳисоб ақл соҳиби бўлган суҳбатдошимнинг вақти ва имконияти чексиз. У саволларимга беришда давом этди: “Сен охирги марта қайси китобни ўқигансан?..” Мен эса суҳбатимизни шу жойга келганда тўхтатдим. “Дўстим”нинг тавсияларига одатланганимдан сўнг яна фикрлашаман, деб мана шу мақолани ёзишга киришдим.
Сунъий интеллект билан суҳбат ўтказиш имконияти сизда ҳам бор. Синаб кўрмоқчимисиз, марҳамат, қўлингизга гаджетни олинг ёки компьютер тугмасини босинг ва беминнат суҳбатдошга юқоридаги каби саволларни беринг. Агар китоб ёки китобхонлик мавзусида суҳбат қурмоқчи бўлсангиз, мақола сиз учун янаям қизиқ бўлади, деган фикрдаман.
Ҳа, бадиий китоблар инсоннинг тафаккурини бойитади, ҳис-туйғусини оширади, дунёқарашни кенгайтиради. Китоб мутолааси кўнгил хоҳиши билан боғлиқ машғулотдир. Ҳеч ким бошқа бировни китоб ўқишга мажбурлай олмайди. Китоб ўқимаган одам яшай олмайди деган гап ҳам йўқ, аммо яшашда ҳам яшаш бор. Мен ҳам ўзи сунъий, аммо ақл ва ирфонда тенгсиз бўлган дўстим билан бирга мутолаага даъват этмоқчиман, холос.
Китоб ўқишни одатга айлантиринг. Ҳар куни камида 20-30 дақиқа мутолаага вақт ажратинг. Ўқиб чиққан китобингиз ҳақида атрофдагилар билан албатта муҳокама ўтказинг. Гапириб берсангиз, кўпроқ ёдингизда қолади, эшитганингиз эса таассуротингизни, билимингизни кўпайтиради.
Фақат ўзингизга ёқадиган китобларни топиб ўқинг. Бу – фантастик, детектив, классика ёки мотивацияга оид китоблар бўлиши мумкин. Аслида аудиокитоб тинглаш ёки электрон китобларни ўқиш учун ҳар доим ва ҳар ерда имконият бор. Радио, ТВ, интернет бор, улар маънавий эҳтиёжимни қондиради, десангиз хато бўлади. Бу воситалар ҳеч қачон китобнинг ўрнини босолмайди.
Китоб ўқиш учун муҳитни ҳам яратиб қўйиш керак. Аслида ҳар биримизнинг уйимизда ёки ишхонамизда шинам китоб ўқиш бурчагини ташкил қилиш мумкин. Бунинг учун озгина ҳафсала қилиш, телефон ва ижтимоий тармоқлардан бироз узоқлашишга журъат топиш керак.
Кутубхоналарга, китоб дўконларига тез-тез бориб, янги китоблар ҳақида суриштириб туринг. Бугун ҳар бир шаҳар ёки туманда ахборот-кутубхона марказлари ишлаб турибди, ҳар қадамда китоб дўконлари учрайди. Барча турдаги таълим муассасаларида ахборот-ресурс марказлари фаолият кўрсатади. Демак, ҳеч биримизда вақт ёки маблағни рўкач қилишга асосимиз йўқ. Юмуши сиз билан меникидан бир неча баравар кўп бўлган Билл Гейтс, Илон Маск каби дунё танийдиган инсонлар ҳар йили ўзи ўқиган 10 та энг яхши китобнинг рўйхатини эълон қилади. Бизда неча фоиз одамлар 10 ёки бундан кўп китоб ўқийди экан?!
Мамлакатимизда китоб ўқишни ижтимоийлаштириш негадир олдинга силжимаяпти. Корхона-ташкилотларнинг ходимлари, талаба-ёшлар бир-бири билан китоб алмашмайди, кимдир буни ташкил қилмайди, ривожлантирмайди. Ҳеч бўлмаса, ўқиган китоби ҳақида гапириб, мунозара ўтказса, мақсадга мувофиқ бўларди. Майли, буни мозийдан қолиб кетган анъана, дейиш мумкин. Аммо, ўзини замонавий деб биладиганлар ҳам telegram, instagram ёки facebook тармоқларида ҳам китоб ва китобхонлик гуруҳлари фаол эмас-да. Ёки фалон тармоқда тренддаги китоб ҳақида зўр суҳбат бўлди, деган хабарни кўрганмисиз, эшитганмисиз?
Келинг, мулоҳазамизни кўп чўзмайликда, китоб ўқишга бирга киришайлик, бир-биримизга мотивация берайлик. Ҳар биримиз бир ойда камида 2-3 та китоб ўқишни мақсад қилайлик. Ўқиган китоблар рўйхатини тузиб, улар ҳақида эссе ёзишга одатлансак, ишонинг, жуда зўр натижа беради.
Эл орасида таниқли бўлган блогерлар, санъатда, маданиятда, спорт ёки сиёсатда машҳур бўлган кишилар фақат реклама-тижоратда эмас, китобхонлик тарғиботида ҳам қатнашишлари керак. Агар ўзи ёқтирадиган инсон (санъаткор, актёр ёки спортчи) китоб ўқиётганини кўрса, шубҳасиз, унга тақлид қилади.
Ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ходимлари, маънавий-маърифий соҳалар мутасаддилари, бошқа ижодий жамоалар севимли муаллифлар билан юзма-юз мулоқотлар уюштиришлари ва бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали хабар ва эълонлар бериб борилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг замондошлар ҳам янги китобларни интизор бўлиб кутишини, топганлари эса бир-бирига улашишини, катта-кичик давраларда ижтимоий тармоқларда айланиб юрган мавзу чайналишини эмас, бадиий асарлар тўғрисида қизғин суҳбатлар бўлишини жуда-жуда истаймиз.
Интернетдан ўқиб қолдим. Кўнгилочар ва чалғитувчи воситалар шунча кўплигига қарамай, АҚШда ҳар куни 1,8 миллиондан ортиқ китоб сотиб олинар экан. Буюк Британияда 500 минг адабиёт ўз харидорини топармиз. Бизда-чи? Мамлакатимизда ҳам китоб ўқилмоқда. Фақат буни биз биргаликда янги босқичга олиб чиқишимиз керак.
Лола Маннобова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.