Ургутдаги маҳаллани ободонлаштириш учун бюджетдан 850 миллион сўм ажратилгач, тадбиркорлар ўз ҳисобидан яна 450 миллион сўм ҳомийлик қилинди
Жорий йилнинг июнь ойида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Ургут тумани Баҳрин маҳалласидаги Қўрғонча қишлоғида бўлиб, ҳудуд инфратузилмаси ва аҳоли турмуш тарзи билан танишган эди. Қишлоқ аҳли билан суҳбат давомида вилояти ҳокими ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб бориш бўйича ўз тавсияларини билдириб, ички йўллар ҳокимлик кўмагида асфальт қилиб берилишини айтганди.
- Қишлоғимизда икки минг нафардан зиёд аҳоли яшайди, – дейди Қўрғонча маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдизоҳир Зиёев. – Вилоят ҳокими ташаббуси билан қишлоғимизда ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш учун 870 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада қарийб 1,5 километрга яқин ички йўлларга асфальт ётқизилди. Шунингдек, 1991 йилда жамоа хўжалигимиз марказида – Кенагас маҳалласида Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан ўрнатилган улуғ мутафаккир ҳайкали атрофи туман ҳокимлиги кўмагида обод қилинди.
Бу хайрли ишларда қишлоқ аҳли ҳам фаол иштирок этди. Давлат томонидан шунча имконият, қулайлик яратиб берилаётганидан руҳланган қўрғончаликлар ўз яшаб турган жойларини яна ҳам обод қилишга ҳисса қўшди. Хусусан, ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида саховатли тадбиркорлар томонидан 450 миллион сўм маблағ ажратилди. Бунинг эвазига қишлоққа кириш қисмидаги кўприк таъмирланди. Марказий кўчада 86 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, қабристон атрофи 800 метр девор билан ўралди. Шунингдек, 180 метрли айвон қурилди. Айни пайтда бу эзгу ишлар давом эттирилиб, қишлоқдаги нуронийлар чойхонаси таъмирланмоқда. Бу ерда кўркам боғ ташкил этиляпти.
– Умумманфаатига хизмат қиладиган ишлар ҳамжиҳатликда бажарилса, одамларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди, – дейди Абдизоҳир Зиёев. – Ўзим ҳам кўп йил шу ҳудуддаги Алишер Навоий номли жамоа хўжалигига раҳбарлик қилиб, аҳоли билан бирга кўп эзгу ишларга бош қўшганмиз. Худога шукр, ҳозир ҳам қишлоқдошларимиз, яқин атрофдаги маҳаллалар аҳли ҳурматимни жойига қўйишади, бир гапимни икки қилишмайди. Одамлар аҳил-иноқ, оқибатли бўлган жойда барака бўлади. Ҳамма ишни давлат қилиб бериши керак, деб қараб ўтириш ярамайди. Мана, вилоятимиз ҳокими қишлоқни обод қилиш бўйича ҳаракатларни бошлаб берди, йўлимиз равон бўлди. Қолган ишларни яна ҳокимият зиммасига ташлаб ўтирсак бўлмасди-да. Эл – катта куч, ҳамма ишни бамаслаҳат, биргаликда амалга оширишга киришгандик, қишлоғимиз обод бўлиб қолди. Яхши яшаш учун фақат орзу эмас, ҳаракат, интилиш ҳам керак.
Фазлиддин Рўзибоев,
“Зарафшон” мухбири