Йигирма етти ёшга тўлган фуқаролар Қуролли Кучлар захирасига ўтказилади
Президент 5 сентябрь куни “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур Қонун Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган эди.
Қонун билан ҳарбий тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш мақсадида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизматни офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун ва муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг ягона муддати белгиланди.
Чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларида эмас, балки Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида амалга оширилади.
Шунингдек, фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш умумтаълим мактабини ёки ўрта-махсус таълим муассасасидаги охирги ўқиш йилининг апрель-май ойларида амалга оширилиши, фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиши эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан йилига бир марта – март-апрель ойларида ўтказилади.
Шу билан бирга, чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказиш, унинг маънавий ва касбий фазилатларини, шунингдек, оила аъзоларининг моддий ва ижтимоий аҳволини ўрганиш натижаларига мувофиқ туман (шаҳар) чақирув комиссияси бошқа қарорлар билан бир қаторда йигирма етти ёшга тўлганлиги сабабли Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш тўғрисида қарор чиқаради.
Шундай тартиб мустаҳкамландики, унга кўра олий таълим муассасаларидаги таълимнинг кундузги ва кечки шаклида таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиниши мумкин. Бунда талабалар бир ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга июль-август ойларида жалб этилади.
Мухтасар қилиб айтганда, Қонуннинг қабул қилиниши ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ва ҳарбий тайёргарлик даражасини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Бойматжон Расулов,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.