Йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда коронавирус таъсири энг юқори бўлган иқтисодиёт тармоқларига солиқ таътиллари ва кредит қарзлари бўйича имтиёзлар бериш, бюджет ссудалари ажратиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Жумладан, йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилинади ва қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилади. Бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмайди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал суммаси ойига ҳисобланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизигача камайтирилди.
Қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашига фаолияти туризм соҳасига бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини 30 фоизга пасайтириш тавсия қилинди.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддатлари 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.
2020 йил 1 апрелидан ҳайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадлари солиқдан озод қилинади.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.