"Йилига 260 фоиз фойда": Ана шу ваъда билан молиявий пирамида ташкил қилганлар қўлга олинди
Тошкент шаҳрида Golden Cash store МЧЖ шаклидаги хорижий корхона таъсис этиб, фуқароларга 260 фоизгача фойда кўришини ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, 2020 йил 15 январь куни Украина фуқароси 29 ёшли М.М. Тошкент шаҳрида МЧЖ ташкил этиб, бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ва корхонанинг асосий фаолияти чакана савдо бўлса-да, интернет орқали корхонадан тилла ва кумуш буюм сотиб олиш йўли билан йиллик 260 фоизгача даромад бериб боришини айтиб, фуқаролардан пул маблағларини олган.
Қайд этилишича, улар мижозлар олдидаги мажбуриятини янги мижозлар ҳисобидан ёпиб, республика бўйича кўплаб фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пулларини қўлга киритган.
2021 йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳар Тергов бошқармаси Golden Cash store МЧЖнинг мансабдор ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида чет эл фуқаролари М.М., В.К., С.Т., А.С. ва Х.Ш.га 188-1-моддаси 2-қисми «в, г» бандлари билан айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган зарар аниқланмоқда.