Йилнинг энг яхши тадбиркорлари эътироф этилди

Ургут туманида “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 2021 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда келгуси беш йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама этилди.

Унда иқтисодий зона иштирокчилари, Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси ва тижорат банклари раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари – “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Жамшид Ҳайдаров давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган зона бугунги кунда вилоят иқтисодиётида ўз муносиб ўрнига эга бўлганини таъкидлади. Айни пайтда бу ерда умумий қиймати 602,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 96 та лойиҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Шу пайтгача 286,3 миллион долларлик 60 та, жумладан, шу йилнинг ўзида 11 лойиҳа ишга туширилиб, 4700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мазкур корхоналар томонидан 2021 йилнинг ўн бир ойида 2 триллион 20 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 57 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Ҳозирда  яна 36 лойиҳа бўйича қурилиш-монтаж ишлари  амалга оширилмоқда.

– Давлатимиз раҳбари шу йилнинг апрель ойида Самарқандга ташрифи чоғида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан ҳам танишиб, фаолиятимизни янада кенгайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берган эди, – дейди Ж.Ҳайдаров. – Бу ҳам зона иштирокчилари бўлган корхоналар фаолиятида жуда катта ижобий натижа берди. 2021 йил 4 ноябрь куни эса Президентимизнинг “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, вилоятимизнинг 14 та туман (шаҳари)да 18 та массивда 559,8 гектар ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан 21 гектар ер майдони ажратиб берилиб, иқтисодий зонанинг умумий ер майдони 1842 гектарга етди. Яна кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

Тадбирда келгуси беш йил учун режалаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ташаббускорлар ва мутасаддилар ўзаро фикр алмашди.

Учрашув доирасида “Ургут” эркин иқтисодий зонасида янги иш ўринлари яратиш, инновацияларни кенг жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспортни кенгайтириш, халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бошқаларга намуна бўлаётган ўттиздан ортиқ бизнес вакиллари йилнинг энг фаоллари сифатида дирекция томонидан рағбатлантирилди.

Жумладан, “KAMALAK TEKSTIL” МЧЖ ижрочи директори Т.Ҳайдаров “Энг фаол тадбиркор”, “SAM VIRA COLUR” қўшма корхонасининг хорижлик инвестори Меҳмед Нури Савман “Энг фаол хорижий инвестор”, “AZIA METAL PROF” қўшма корхонаси (Дамир Баҳронов) “Энг фаол экспортчи”, “SAM ELEKTRO SERVIS” МЧЖ таъсисчиси Соҳибжон Азимов “Энг саховатли тадбиркор” номинациясида эътироф этилди.