Йилнинг ишбилармон аёли аниқланди
Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори асосида “Ишбилармон аёл-2022” ҳудудий республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танлов O’zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан ўтказилди.
- Бугун вилоятда 22 мингдан ортиқ киши тадбиркорлик билан шуғулланаётган бўлса, уларнинг 3 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил қилади, - дейди O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими бошлиғи Марҳабо Чулиева. - 2016 йилдан бошлаб ўтказилиб келинаётган мазкур танлов доирасида ташкил этилган тадбирларда иштирок этган хотин-қизлар сони жами 5486 нафардан ошди.
“Ишбилармон аёл” кўрик-танлови доирасида 16 та туман, шаҳар босқичлари ташкил этилиб, танловда фаол иштирок этган 1022 нафар тадбиркор, фермер, ҳунарманд, ишлаб чиқариш соҳаси вакилларидан иборат хотин-қизлардан 16 нафари танловнинг вилоят босқичига йўлланма олишди.
Танлов якунига кўра, биринчи ўринга Самарқанд туманидаги зардўзлик йўналишида миллий кийим-кечак маҳсулотлари билан иштирок этган "Зулхумор" хусусий корхонаси раҳбари Зулхумор Зоҳидова, 2-ўринга жомбойлик "Шербоев Муродулло" чорвачилик фермер хўжалиги раиси Гулчеҳра Шербоева, 3-ўрин тойлоқлик "Фарҳод монтаж сервис" корхонаси раҳбари Сабина Ҳакимова муносиб кўрилди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.