Ёлғизликда 400 кун

Сальвадорлик балиқчи 13 ой давомида океанда кезиб, омон қолди.

У балиқ овлашга чиқиб бир кунда қайтмоқчи эди, бироқ бир йилдан кўпроқ вақтга очиқ океанда қолиб кетди. Қандайдир мўъжиза орқали тирик қолган сальвадорлик балиқчи қиссаси Даниель Дефонинг “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” романини эслатиши мумкин. Фақат Хосе Сальвадор Алваренга 13 ойни одам оёғи етмаган оролда эмас, Тинч океанида, етти метрлик қайиқ ичида ўтказди.

37 ёшли эркак 2012 йилнинг декабрь ойида Мексиканинг ғарбий соҳилидаги портдан балиқ овлаш саёҳатига чиқди. Унга Иезекииль исмли 15 ёшли денгизчи ҳамроҳлик қиларди. Тўсатдан қайиқнинг двигатели ишдан чиқди ва оқим уларни Мексика қирғоқларидан узоқроққа олиб кета бошлади.

Очиқ океанда чиқишдан тўрт ой ўтгач, ўсмир очликдан вафот этди. Ўшанда Хосе журналистларга ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганини, бироқ бундай қилишга журъат эта олмаганини айтиб берди. Очлик ва ташналикдан ўлиб қолмаслик учун Алваренга яланғоч қўллари билан тутган балиқлар ва тошбақаларнинг қони ва ёмғир сувини тўплаб ичганини айтиб берди.

- Мен вақтда адашиб қолдим ва фақат кун билан тунни фарқлай олардим. Шу вақт ичида мен қуруқликни кўрмадим, кўз олдимда фақат океан турарди, - деди лотин америкалик касалхонада Британиянинг Telegraph нашрига берган интервьюсида.

Фақат 13 ой ўтгач, Алваренга ерни кўриб қолди. “Мен овқатланиб олиш учун қушни отиб ўлдиргандим, тўсатдан дарахтларни кўриб қолдим ва “Худойим” деб бақириб юбордим.

Маълум бўлишича, у Мексикадан 10 минг километр узоқликда жойлашган, ҳатто бу оролларнинг борлиги ҳақида ўзи билмаган Маршалл оролларига сузиб кетган. У ердан эса балиқчи уни журналистлар кутиб турган пойтахтга олиб кетилган. Эркак фақат испан тилида гапирган ва дастлаб ўзини мексикалик деб даъво қилган. Кейинчалик, у Сальвадорда туғилганлиги  ва Мексикага кўчиб ўтганлиги маълум бўлган.

Сальвадор ташқи ишлар вазирлиги Сальвадор ва Мексика расмийлари бу эркакни имкон қадар тезроқ уйига қайтариш борасида биргаликда ҳаракат қилишлари лозимлиги тўғрисидаги хабарни тарқатди. Ушбу фуқаро аслида Мексиканинг Чьяпас шаҳрида яшагани тасдиқланди ва журналистлар балиқчининг оиласини топишга муваффақ бўлишди. Улар эса анча вақтдан бери Хосе тўғрисида ҳеч нима билмаслигини, ҳатто у тирик бўлмаганлигини ҳам истисно қилишганини айтишди.

- Мен ўғлимнинг тириклигини юрагим билан ҳис этардим, лекин умидимни узгандим, деди журналистларга кутилмаган янгиликдан хурсанд бўлган балиқчининг онаси.

Хосе ҳали бундан кейин нима қилишини билмайди, лекин унинг ишончи икки нарсага комил: у қаригунча Сальвадорнинг жаннатий Гарита Пальмерасида қолади ва бошқа ҳеч қачон денгизга чиқмайди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.