Ёлғон ахборот тарқатган шахсга 12 сутка маъмурий қамоқ тайинланди

Юртимизда коронавирус пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ана шундай мураккаб бир пайтда бу масалага юзаки қараётганлар, аҳоли ўртасида ваҳима уйғотишга интилаётганлар ҳам афсуски, орамизда йўқ эмас.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ДХХ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрининг Урганч кўчасида яшовчи фуқаро Ш.И. ўзига тегишли бўлган қўл телефони орқали шу йилнинг 30 март куни телеграмм ижтимоий тармоғидаги “Тахтабозор” номли гуруҳга овозли хабар йўллаб, ёлғон маълумот тарқатганлигини аниқлади. Бу фуқаро Самарқанд шаҳар, Ўзбектракти кўчасида истиқомат қилувчи таниши коронавирус инфекциясига чалинганлиги оқибатида уни ва оила аъзоларини бир гуруҳ шахслар олиб кетганлиги, шунингдек касалликка чалинган ушбу шахс яна бир неча кишилар билан мулоқотда бўлганлиги, у яшаган маҳалла кўчаларида махсус транспортларда дезинфекция ишлари олиб борилаётганлиги ҳамда Самарқандда ҳам коронавирус аниқланганлигини баён қилган.

Ички ишлар идоралари ходимлари тарқатилган хабар юзасидан уни ва танишларини ИИБ биносига олиб боришни айтганида у ИИБ ходими қонуний талабларини бажармасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, оммани ўзига жалб этади.

Ш.И. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга нисбатан 223.000  сўм миқдорида жарима ҳамда 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

  Вилоят ИИБ ахборот хизмати.