Йўналиш жадвалининг охиригача бормайдиган ҳайдовчилар билан меҳнат шартномаси бекор қилинади
31 май куни zarnews.uz каналида “Автобуслардаги асаббузарликларнинг адоғи борми?” сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинди. Унда 52-шаҳар автобус йўналишида хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситасининг ҳаракат жадвалини охиригача бажармаганлиги хусусида сўз юритилган.
Унда кўтарилган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоят транспорт бошқармасининг автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари 31 май, 1 июнь кунлари вилоятда мавжуд автокорхоналарда бўлиб, йўловчи ташиш фаолиятини олиб бораётган ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борди. Тарғибот тадбирларида йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш, автобуслар ҳаракатида белгиланган жадвалдан чиқмаслик, бекатларда узоқ вақт тўхталишларга барҳам бериш чора-тадбирлари белгиланди.
Шу билан бирга, жойларда автобусларнинг техник ва санитар ҳолати кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан автокорхоналар раҳбариятидан тендер талабларига тўлиқ риоя этилиши талаб қилинди.
Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ниқобда бўлиши, электрон тўлов карталари учун валидаторларнинг мавжудлиги, қайтимларни ўз вақтида қайтариш, йўловчилар билан мулоқотга киришишда хушмуомалада бўлиш каби талабларни бузмасдан йўловчиларга хизмат кўрсатиш муҳим эканлиги айтиб ўтилди.
Йўналиш жадвалини охиригача бажармай йўловчиларнинг жиддий эътирозларига сабабчи бўлган 52-шаҳар автобус йўналишида ҳаракатланувчи, давлат рақами 30 478 FBA бўлган автотранспорт воситаси ҳайдовчиси А.Абизовга “Азиз-Ҳилола автотранс” МЧЖ раҳбарияти томонидан “ҳайфсан” берилди ҳамда юқорида қайд этилган ҳолат такрорланганда меҳнат шартномаси бекор қилиниши юзасидан огоҳлантирилди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.