Ёшлар етакчилари ўзларини ошпазликда синаб кўрди

Шу кунларда вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ёшлар ойлиги доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида фестиваллар ўтказиляпти.

Бугун мазкур фестивалга Нарпай тумани мезбонлик қиляпти. Одатдагидек, эрта тонгда юриш марафони билан бошланган тадбирлар маданий-маърифий кечалар, нуронийлар ва ёшлар учрашуви, интеллектуал ўйинлар ҳамда спорт мусобақалари билан давом этди.

Бу йилги ёшлар ойлиги доирасида ўтказиладиган касблар фестивали – ҳунармандчилик, қандолатчилик, ошпазлик йўналишларидаги танловларнинг республика босқичи Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган. Бугунги кунда жойларда шу танловларнинг қуйи босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Нарпай туманида ўтказилган фестиваль доирасида маҳалла етакчилари ўзларини ошпазликда синаб кўрди.  Ёш ошпазлар танловида ғолибликни Баркамол маҳалласи етакчиси Элдор Эргашев эгаллади. Наврўз маҳалласи етакчиси Умид Насимов иккинчи, Бўстон маҳалласи етакчиси Ислом Тоғаев эса учинчи ўринни эгаллади.

Лола МУСОҚУЛОВА.