Ёшлар иттифоқи етакчиси ижарага олган цехида қалбаки пуллар ишлаб чиқараётгани аниқланди

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани, Қўриқ қишлоғида яшовчи, муқаддам судланмаган, мактабда ёшлар иттифоқи етакчиси бўлиб ишловчи Б.А. қалбаки пуллар ишлаб чиқараётгани аниқланди.

Гап шундаки, у Касби тумани Муғлон МФЙ ҳудудидаги ўзи ижарага олган тикувчилик цехида турли хил купюрадаги қалбаки пулларни ясаш билан шуғулланиб келган. Ундан 172 дона 50.000 сўмлик купюрадаги пуллар, рангли принтердан тўлиқ чиқарилмаган 84 дона 50.000 сўмлик купюрадаги пуллар, “EPSON” русумли рангли принтер ва “LENOVA” русумли ноутбук тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат вилоят ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Касби тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Б.А.дан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган АВ0304117 серия рақамли 172 дона 50.000 сўмлик купюралар “Давлат белгиси” корхонасида тайёрланмаганлиги ва ундан ҳужжатлаштириб олинган АВ0304117 серия рақамли 172 дона 50.000 сўмлик купюралар рангли пуркагичли принтер ёрдамида тайёрланганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Касби тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Б.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.