“Ёшлик” истироҳат боғидаги муаммолар ҳал этилдими?

Шу йил июнь ойида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Самарқанд шаҳридаги “Ёшлик” истироҳат боғининг фаолияти билан танишган эди.
Ташриф давомида боғ ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилиб, бир қатор муаммолар қайд этилган ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилганди.
Хусусан, ўйин аттракционларининг белгиланмаган жойларда ўзбошимчалик билан ўрнатилгани, ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлиги, ҳудуднинг айрим қисмларида маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолгани ва санитар ҳолатнинг қониқарсизлиги каби камчиликлар танқид қилинган.
Мазкур топшириқлар ижросини ўрганиш мақсадида “Ёшлик” истироҳат боғида амалга оширилган ишлар билан танишдик. Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ушбу боғ 5 гектар 44 сотих майдонни эгаллаган ва бугунги кунда 100 нафарга яқин тадбиркор фаолият олиб бормоқда. Боғда 78 тадан зиёд турли хил ўйин аттракционлари фаолият юритмоқда.
– Вилоят раҳбари томонидан берилган топшириқлардан сўнг боғ ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, – дейди “Ёшлик” истироҳат боғи раҳбари Алишер Сирожиддинов. – Жумладан, 2600 квадрат метр майдонга асфальт ётқизилиб, 100 та замонавий ўриндиқ ва шунча ёритиш чироқлари ўрнатилди. Шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида махсус сув тармоғи тортилди ва маиший чиқинди йиғиш шохобчаси ташкил этилди. Шу билан бирга, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида тадбиркорлар томонидан белгиланмаган жойларда ўрнатилган ўйин қурилмалари олиб ташланмоқда. Ҳозирда ҳар бир аттракционнинг техник тавсифи, қуввати ва қайси ёш тоифаси учун мўлжаллангани ҳақидаги махсус йўриқномалар жойлаштирилмоқда.
Айтиш жоизки, боғ ҳудудида ҳозир ҳам тадбиркорлар томонидан белгиланмаган жойларда ўзбошимчалик билан қўшимча ўйин қурималари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ташкил этилган маиший чиқинди йиғиш шохобчасига контейнер қўйилмаган, ҳудудда ободонлаштириш ишлари ва хавфсизлик тизимидаги муаммолар ҳам тўлиқ бартараф этилмаган.
Сулаймон МАРДИЕВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.