YouTube‘да “Samarqand matematiklari” канали ташкил этилди
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ва халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази билан ҳамкорликда YouTube тармоғида “Samarqand matematiklari” канали ташкил этилди.
Халқаро баҳолаш дастурларига самарали тайёргарлик кўриш, математика фани ўқитувчиларининг ўзаро тажриба алмашиши учун янада кенг имконият яратиш, устоз-шогирд анъанасини ноанъанавий тарзда давом эттириш мақсадида очилган каналга умумтаълим мактабларининг математика фани ўқитувчиларининг энг илғор видеодарслари, дарс ишланмалари, методик тавсиялари жойлаштириб борилмоқда. Ўз навбатида, фан ўқитувчилари “Samarqand matematiklari” канали орқали ўзларининг малака ва тажрибаларини ошириб бориш имкониятига ҳам эга бўлди.
Каналга видеодарслар жойланишидан олдин телеграм ижтимоий тармоғидаги “Ijodkor ustoz” гуруҳида юқори малака тоифаcига эга математика фани ўқитувчилари дарснинг камчиликларини муҳокама қилади. Уни янада тўлдириш, камчиликларини тузатиш бўйича видеодарс муаллифига тавсиялар берилади. Сўнг энг яхши видеодарслар каналга жойлаштирилади.
- Айни пайтда “Samarqand matematiklari” каналига 30 дан ортиқ видеодарслар жойлаштирилди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими бошлиғи Низомиддин Одилов. - “Ijodkor ustoz” гуруҳида эса 60 та видеодарс муҳокама этилмоқда. Ушбу ташаббус карантин даврида математика фани ўқитувчиларининг малака ва тажриба алмашишларига, қолаверса, ўқувчиларнинг ҳам ушбу канал орқали ўз билимларини мустаҳкамлаб боришлари учун кенг имконият яратади.
Кеча вилоят халқ таълими бошқармаси методика бўлими ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази мутахассислари, методистлар иштирокида ZOOM платформаси орқали ўтказилган онлайн йиғилишда “Samarqand matematiklari” канали фаолиятини такомиллаштириш, уни кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама этилди.
Самарқанд халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.