Ёзги оромгоҳларнинг фидойи ходимлари тақдирланди

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми якунларига бағишланди.

Таъкидланишича, жорий йилги мавсумда вилоятда 78 та оромгоҳ (55 таси кундузги) фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 21 минг нафардан зиёд болалар дам олди.

- Муассасамизда “Ёшлик” номли кундузги оромгоҳ ташкил этилганди, - дейди Самарқанд шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактаби директори Дилбар Мавлонова. – Мавсум давомида доимий оромгоҳлардаги муҳитни яратишга ҳаракат қилдик. Болажонларнинг муносиб дам олиши, янги ўқув йилига тайёргарлиги учун лозим барча шароитларни яратдик. Бу ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Бугун оромгоҳимиз вилоятда “Энг намунали кундузги болалар оромгоҳи”, деб эътироф этилди.

Мавсумда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. “Энг моҳир тўгарак раҳбари”, “Энг фаол етакчи”, “Энг яхши тиббиёт ходими” номинациялари бўйича мукофотланди.

Фарида ГАФАРОВА.