Ёзги таътил: Болаларнинг вақтини ўғирлаяпмиз, педагоглар эса меҳнатидан манфаатдор эмас
Ўқув йили тугаб, мактаб ўқувчилари таътилга чиқди. Энди 10 июндан ёзги дам олиш мавсуми бошланади. Болалар таътил даврида доимий оромгоҳ ва умумтаълим мактабида ташкил этиладиган ёзги соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади. Хўш, бу йил қанча ўқувчи соғломлаштирилади? Ушбу масканлар болаларни қабул қилишга тайёрми? Болаларнинг таътилни мазмунли ва мароқли ўтказиши учун шароит яратилганми?
Келинг, бу ҳақда фикрлашишидан аввал ўқувчилар бериладиган таътил ҳақида сўз юритсак.
Ўқувчилар йилнинг ярмини дам олиш билан ўтказмоқда
Мактаб ўқувчилари учун бериладиган энг кўп таътил – бу тўртинчи чорак тугагандан кейинги уч ойлик дам олиш ҳисобланади. Бироқ бу мактаб ўқувчилари тўққиз ой тинимсиз ўқиб, атиги уч ой дам олади, дегани эмас.
2023-2024 ўқув йилида мактаб ўқувчилари аслида неча кун ўқигани ва неча кун дам олганини ҳисоблаб чиқдик. Дарслар 6 сентябрдан бошланганини ҳисобга олсак, сентябрь ойида 5 кун, ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан 1 октябрда 1 кун, ўқув йилининг I чораги тугаши муносабати билан 4-9 ноябрда 6 кун, 8 декабрь - Конституция қабул қилинган кунда 1 кун ва ўқув йилининг II чорагида 28 декабрдан 10 январгача 14 кун, 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 1 кун ва 21-27 март кунлари III чоракда 7 кун, 22-24 апрель кунлари Рамазон ҳайити муносабати билан 3 кун, 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 1 кун ва ўқувчилар жами 39 кун дам олишган.
Ўқувчиларга якшанба куни дарс ўтилмаслигини ҳисобга олсак, 2023 йил сентябрь ойидан 2024 йил май ойига қадар таътил кунларига тўғри келган якшанбадан ташқари, дам олиш куни яна 30 кундан ошмоқда. Бу эса ўқувчилар ўқув йилининг тўртинчи чорагигача 70 кундан кўпроқ дам олганини кўрсатади. Уч ойлик таътил билан қўшиб ҳисобланганда ўқувчиларнинг умумий дам олиши 1 йилда 160 кун, яъни беш ойдан кўпроқни ташкил қилади. Афсуски, тизим нотўғри ишлаяпти ва аксарият ўқувчилар таътилни мақсадсиз ва беҳуда ўтказяпти. Буни ўтган йилда ўқишга ҳужжат топширган абитуриентларнинг салкам ярми, яъни 439 минг 337 нафар (49,4 фоиз) абитуриент ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 балл тўплай олмаганидан ҳам билиш мумкин. Мана таълим сифати бизда нега пастлигининг асосий сабабларидан бири.
Таътилда 10 фоиз ҳам бола соғломлаштирилмаяпти
Оромгоҳлар масаласига қайтсак. Вилоятда бу йилги мавсумда 7-14 ёш тоифасида 16 та стационар оромгоҳда 9610 нафар, 61 та умумтаълим мактабида ташкил этиладиган ёзги соғломлаштириш майдончаларида тўрт даврада 11020 нафар ўқувчининг дам олиши маълум қилинди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличеванинг таъкидлашича, ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мақсадида оромгоҳларда фаолият юритадиган 60 нафар тарбиячи, 60 нафар етакчи ва қўшимча 112 нафар захира педагог рўйхати шакллантирилган. Уларга ёзги оромгоҳлардаги таълим-тарбия ишларини тўғри ташкил этиш, оромгоҳларнинг маданий-маърифий ва спорт тадбирларини наъмунавий режаларини тузиш юзасидан тушунча ва тавсиялар берилган.
Айтиш жоизки, бу йил 15-16 ёш тоифасида ўқувчилар оромгоҳ ва соғломлаштириш майдончаларига жалб қилинмаган. Юқоридаги иккала рақам (7-14 ёш тоифасида 9610+11020) қўшилганда, бу йил вилоятда 20 минг 630 нафар ўқувчи ёзги таътилда соғломлаштирилар экан. Якунланган ўқув йилида эса вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўқувчилар сони 774 минг 864 нафарни ташкил қилган. Савол туғилади:қолган ўқувчилар ёзги таътилда нима билан машғул бўлади?
- Ёзги таътил даврида оромгоҳлар ва соғломлаштириш майдончаларига жалб этилмаган ўқувчилар учун режа асосида музейлар, театрлар, тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилган, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъули Суннатилло Камолов. - Шу билан бирга, вилоят ва туман (шаҳар) «Баркамол авлод» болалар мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 7 та йўналиш бўйича 70 дан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилади.
Бошқарма масъулининг гапига ишониш қийин. Чунки оромгоҳлар ва соғломлаштириш майдончаларига жалб этилмаган вилоятдаги 750 минг нафардан зиёд ўқувчини вилоят бўйича йил давомида саёҳат, спорт мусобақалари ва турли тўгаракларга жалб қилиш имконсиз. Борингки, ўқувчиларнинг 30 фоизи ёзги таътилни мазмунли ўтказса ҳам 70 фоиздан зиёд ўқувчи ёзги таътилни мақсадсиз ўтказади.
Низомда бор, амалда эса...
Айни пайтда вилоятдаги доимий оромгоҳлар билан бирга, мактаблардаги соғломлаштириш майдончаларида ҳам мавсумга тайёргарлик ишларининг сўнгги босқичи давом этмоқда. “Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисида”ги низомда болалар учун маданий тадбирлар дастури, танлов ва спорт мусобақаларини режа асосида ташкил этиш ва ўқувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказиш белгиланган. Хўш, амалда бу ишлар қандай ташкил этиляпти?
Бу саволнинг жавобини Иштихон туманидан изладик. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Гулчеҳра Саидмуродованинг маълум қилишича, умумтаълим мактабларида 49 минг 652 нафар ўқувчи таҳсил олади. Жорий йил тумандаги 30, 33 ва 81-мактабларда ёзги соғломлаштириш майдончалари ташкил этилган бўлиб, уларга тўрт навбатда 600 нафар ҳамда иккита доимий оромгоҳга 800 нафар ўқувчи жалб қилинади. Мавсум олдидан ушбу оромгоҳларнинг ҳолати билан танишиб, ишлар ҳисобот учун ташкил этилаётганига гувоҳ бўлдик.
Жумладан, 30-мактабда бўлганимизда ўқитувчилар дам олиш мавсуми бошлангани ва кун иссиқлиги учун IT бўйича тўгарак ўтиб, ўқувчиларга вақтлироқ жавоб берганини айтди. Мавсум эса энди 10 июндан бошланади. Бу ҳам майли, ўқувчилар учун ташкил этиладиган тўгарак ва мусобақаларнинг на дастури ва на режаси ишлаб чиқилган. Ваҳоланки, бунинг учун мактабнинг 7 нафар ўқитувчиси бириктирилган. Янаям ачинарлиси, жалб қилинган педагоглар билан шартнома қилинмаган ва уларга маош тўланмас экан. Ўқитувчи 56 календарь куни таътилга чиқиши белгиланган. Аммо унинг 12 кунида яна маошсиз ишлаши Меҳнат қонунчилигига кўра, мажбурий меҳнат эмасми?
Тумандаги 33-мактабда ҳам мавсумга тайёргарлик борасида ҳали ҳеч нарса қилинмаган, шунингдек, “Қувноқ” ва “Шабнам” болаларни соғломлаштириш оромгоҳида ҳам ишлар якунига етмаган.
Хуллас, саноқли кунлардан кейин болажонлар учун дам олиш мавсуми бошланади. Аммо оромгоҳларда тайёргарлик ишлари талаб даражасида эмас, баъзилари номигагина ташкил этилган. Педагоглар ҳам меҳнатидан манфаатдор эмас. Шу боис ўқувчи ва ўқитувчиларнинг вақти мақсадсиз, беҳуда ўтяпти.
Бизда ўқувчилар таътилга чиқиши билан деярли барча мактабларда тўгараклар фаолиятини тўхтатди (Аслида бу тўгараклар бармоқ билан санарли). Ўйлашимча, бу нотўғри ёндашув. Таътил даврида барча мактабларда ўқувчиларнинг қизиқиши ва хоҳишига қараб, бепул ва пулли тўгараклар сонини кўпайтириш керак. Масалан, мактаб ўқувчиларининг аксарияти репетиторга қатнайди. Агар бу имконият мактабнинг ўзида яратилса, ўқувчининг ўнлаб километр босиб, шаҳарга боришга ҳожат қолмайди. Бунда таътилга чиққан ўқитувчилар ёки малакали мутахассислар ҳам жалб қилиниб, улрага шартнома асосида ҳақ тўланса бўлади.
Фазлиддин Рўзибоев.