ЮНЕСКОнинг янги Бош директори Самарқандда тасдиқланади

Парижда ўз ишини якунлаган ЮНЕСКО Ижроия қўмитасининг 222-сессияси ташкилотнинг янги Бош директори лавозимига 54 ёшли Миср фуқароси Халед эл-Энани номзодини тавсия этди.

Овоз бериш жараёнида Халед эл-Энани номзоди ялпи кўпчилик овоз (55 тарафдор ва 2 овоз қарши) олишга муваффақ бўлди.

Халед эл-Энани - мисрлик олим, собиқ Туризм ва қадим ишлари вазири. У ўз сайловолди тарғиботини "UNESCO for the People”, яъни “ЮНЕСКО халқ учун” шиори остида олиб борди. Ташкилотни халқларга янада яқинлаштириш, таълим, маданият ва илм-фан соҳаларига бирламчи аҳамият қаратишга даъват этди. Бош директор лавозимига расман тасдиқланганидан сўнг “Келажак таълими”, “Интеллектуал мерос”, “Биохилма-хиллик”, “Этика ва сунъий интеллект” каби йўналишларга алоҳида аҳамият қаратишини маълум қилди.

Халед эл-Энани ташкилотнинг молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш масаласига ҳам бирламчи эътибор қаратишини билдирди. Бу жуда муҳим масала ҳисобланади, чунки 2018 йилда АҚШ ЮНЕСКОдан расман чиқиб кетганидан сўнг ташкилот ўз дастур ва лойиҳаларини молиялаштиришда қатор қийинчиликларга дуч келмоқда. 

Халед эл-Энани номзоди жорий йилнинг 30 октябрь – 12 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКОнинг 43-сессиясида тасдиқланиши кутилмоқда.