Юристлар малакасини ошириш марказида ҳамма ўқув курслари оффлайн шаклда амалга ошириладими?
Марказда адлия органлари ҳамда адвокатура ходимлари, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари (юрисконсультлари) қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.
Фаолиятининг 2000-2010 йилларида марказда бир йилда ўртача 500-800, 2016-2018 йилларда 2200-2500 атрофида, 2018 йилда 3000 нафардан кўпроқ юридик хизмат ходимлари ўқитилди. Марказда 2019 йилнинг сентябрь ойидан 2020 йилнинг апрель ойига қадар 2645 нафар тингловчи малака ошириш курсларида иштирок этди. Шундан Наманган, Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятларида ташкил этилган сайёр ўқув курсларида 460 нафар тингловчи ўқитилди.
Юртимизда коронавирус пандемияси сабабли юзага келган вазият Юристлар малакасини ошириш маркази фаолиятини ҳам замонавий талаблар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этишни тақозо этмоқда. Марказ томонидан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида республикамизнинг қатор ташкилот ва корхоналари мурожаатлари асосида масофавий малака ошириш курслари ташкил этилди. Ахборот-технологиялари бўйича кўникмага эга ўқитувчилар гуруҳи шаклллантирилиб, масофавий таълим ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилди.
Таълим жараёнида тингловчиларга қулайлик яратиш мақсадида масофавий таълим платформаси сифатида “TrueConf” махсус дастурий таъминот ёрдамидан ҳамда ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиб келинмоқда.
Ўқув курсини замон талаблари даражасига етказиш учун яратилган янги таълим порталига контентлар: ўқув-услубий материаллар, маърузалар, видеомаърузалар, слайд-тақдимотлар жойлаштирилди.
Жорий йилнинг январь ойида 83 нафар давлат нотариал идоралари нотариуслари билан масофавий таълим усуллари орқали ўтказилган малака ошириш курслари самарали якунланди. Якуний суҳбат комиссияси томонидан масофадан туриб, реал вақт режимида синов имтиҳони қабул қилинди. Имтиҳонни мувафақиятли топширган тингловчиларга ўрнатилган тартибда сертификатлар расмийлаштирилди.
Жорий йилнинг июнь ойида ташкилотлардан келган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, иккита йўналишда тўртта масофавий таълим курслари ташкил этилди ва бу курсларда жами 108 нафар тингловчи малака оширмоқда.
Масофавий малака ошириш курсларининг ташкил этилиши тингловчилар учун иш жойидан ажралмаган ҳолда, масофавий ўқитиш орқали амалга оширилишида анча қулайликларга эга бўлиб, бу - вақт ва маблағ тежалишига ҳамда таълим олувчиларга тенг имконият яратмоқда. Шу боис, айни вақтда марказ томонидан тақсимот режага асосан, адлия органлари ва муассасалари ходимлари малакасини ошириш учун масофадан ўқитиш платформаси учун ўқув контентларини яратиш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, масофавий таълим платформасида ишлай олмайдиган ёши катта тингловчиларга карантин тугаганидан сўнг аудитория шаклида тўғридан-тўғри малакаси ошириш курслари йўлга қўйилади.
Алтынгул ЮСУПБАЕВА,
Юристлар малакасини ошириш маркази бўлим бошлиғи.