@zarafshon_bot 'га мурожаат:"Электр бизники, аммо симёғоч бизга қарашлимас..."

"Анҳор"да аҳоли авария ҳолатидаги симёғоч ва электр тармоқлари бўйича мурожаатларига юқоридаги жавобни олмоқда

Самарқанд шаҳри “Анҳор” маҳалласи, Анҳор кўчасидаги алоқа тармоғи симёғочларидан электр тармоғи ўтказиш оқибатида улар бугунги кунда авария ҳолатига келиб қолган.

Назоратсизлик оқибатида бу симёғочлар аслида нима вазифани бажариши кераклигини бир қарашда тушуниб бўлмайди: алоқа ва электр тармоқлари аралаш-қуралаш аҳволда! Оқибатда электр симларда тез-тез қисқа туташув содир бўлиб, электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Шаҳар марказида жойлашган “Анҳор” маҳалласидаги ушбу муаммога мутасаддилар қачон эътибор қаратишади? Ё улар бирор йирик ёнғин ва шу каби жиддий сабаблар юзага келишини кутаяптими?!

Маҳалла аҳолиси электр тармоқлари корхонасига бу масала бўйича бир неча марта мурожат қилди. Аммо ҳамма мурожаатнинг жавоби бир хил: "Бу симёғочларнинг бизга алоқаси йўқ, телефон станцияга боринглар!" Агар шундай бўлса, нима учун ундан электр тармоғи ўтказилган? Улар нега бу симларни олиб ташламаяпти?

Бу муаммо шундай эътиборсиз қолдирилса, кузги-қишки мавсумда янада жиддий тусда намоён бўлиши аниқ. Шундай экан, масъуллардан ўз вақтида эътиборли бўлиб, муаммони бартараф этиш чораларини кўришларини сўраймиз.

Абдушукур ИСМОИЛЗОДА