Зукко, камтар, аммо талабчан муаллим эди

Устоз жамият биносининг бинокори, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонидир. Ҳамкасбимиз - Самарқанд таянч тиббиёт коллежида узоқ вақт ишлаган заҳматкаш педагог Инобат Калонова ана шундай инсонлардан бири эди.

Инобат опа 1950 йил 1 апрелда Пахтачи тумани Қарнабота қишлоғида туғилди. Дастлаб иш фаолиятини тумандаги ўрта мактабларда бошлади.

Кейинчалик ҳаётини Самарқанд шаҳри билан боғлади. Самарқанд таянч тиббиёт коллежига ўқитувчи бўлиб ишга келди. Кечагидек ёдимизда: Ибодат опа жамоамизнинг ҳақиқий жонкуяри, меҳрибон аёли эди. Нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар билан ҳам очиқ, самимий муносабатда бўлар, керак бўлганида ёрдамини аямасди.

Шундай хушфеъллиги, зукко ва дарс ўтишга талабчанлиги боис коллежда бўлим бошлиғи вазифасига тайинланди. Бу пайтда ҳамкасбларига бор тажрибасини ўргатди, ёш ўқитувчиларга устозлик қилди. Бундай мураббийлик фазилатларини коллеж директор ўринбосари лавозимига тайинланганида яна давом эттирди.

Коллежда ишлаган давридаги фидойилиги ва куюнчаклиги давлатимиз эътиборидан ҳам четда қолмади. Инобат опа “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонига сазовор бўлди.

Афсуски, ўлим Инобат опани 2013 йилда орамиздан олиб кетди. Бугун – ҳамкасбимизнинг таваллуд топган куни муносабати билан кўпчилик шогирдлари опанинг руҳига ҳурмат билдириб, қабрини зиёрат қилдилар. Ибодат Калонованинг эзгу фазилатлари ва яхши ишларини эслаб, опа билан боғлиқ воқеаларни ёдга олдилар.

Яхшиларнинг номи ҳамиша абадий, дейди халқимиз. Ибодат Калоноваҳам яхши ишлари билан биз, ҳамкасблари, шогирдлари ва яқинлари қалбида узоқ сақланади.

Аҳмаджон Низомов,

Шоҳида Шодиева.