Zarnews.uz'га мурожаат: “Зўравонлик сабаб тадбиркорлигимни қилолмаяпман”
Таҳририятга Самарқанд туманида яшовчи Даврон Холмуродовдан келган мурожаат эътиборимизни тортди. Унда айтилишича, коллежни битириб, новвойлик бошлаган ёш тадбиркорга фаолиятини юритиш учун ер майдони ажратилган.
Аммо ёш тадбиркорнинг қўлида барча ҳужжатлари бўлишига қарамай, ажратилган ерда бир неча шахс қаршилиги сабаб фаолиятини бошлолмай келмоқда. У туман ҳокимлиги, ИИБ, судга ҳам мурожаат қилган. Унинг фойдасига суд қарори ҳам чиққан. Аммо натижа бўлмаган. Ҳокимлик ва ИИБдан эса жавоб хатлари мунтазам келиб турган, холос. Фикримизча, ҳолатни вилоятдаги тегишли идоралар ўрганиб чиқишлари лозим.
Мурожаат қуйидагича:
“Мен 2017 йил коллежни тугатиб тадбиркор сифатида расмий рўйхатдан ўтиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошладим.
Янги битирувчиман, касбим бор, аммо фаолиятим учун тайинли жойим йўқ эди. Анча вақт ижарада ишладим. 2020 йил Самарқанд тумани ҳокими ёшлар билан учрашувига қатнашиб тадбиркорлигимни кенгайтириш мақсадида ер майдони сўраган эдим. Менга туман ҳокими қарори билан “Ёшлaр - келaжaгимиз” давлат дастури асосида Захлик маҳалла ҳудудидан нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи қуриш учун ер майдони ажратилди.
Барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб менга ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини бошладим. Аммо бу вақтда маҳалла раиси ва шу маҳаллада яшовчи бир неча киши қурилиш қилишимга қаршилик қилмоқда. Келтирган тошларимни ҳам босим ва зўравонлик билан қурилиш майдонидан олдиришди. Қурилиш қилаётган ерни трактор билан ҳайдаб ташлашди.
Шу масала билан икки йил давомида Самарқанд тумани ҳокимлигига, туман ИИБга мурожаат қилиб келаман. Лекин натижа йўқ. Тинчгина тадбиркорлигимни қила олмайман.
Ҳокимлик судга мурожаат қилишимни билдирди. 2021 йил 16 декабрь куни суд ҳам фойдамга қарор чиқарди. Лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Қўлимда барча ҳужжатларим, суд қарори бўлса ҳам шунчаки ишлагани қўйишмаяпти. Кимга, қаерга мурожаат қилишим керак?
Наҳотки, қонун эмас, кимнинг қўл кучи кўпроқ бўлса ўшанинг айтгани бўлади. “Тадбиркорга мададкорман” деган азаматлар бундай вақтда қерга йўқолиб қолади, ҳайронман.
Энг ёмони, иш бошлаш учун ўз вақтида кредит ҳам олганман. Энди ўзимга берилган ерда ишлай олмаганим етмаганидек, зўравонлик сабаб ишлата олмаётган бизнесим учун қарзга ҳам ботиб боряпман.
Даврон ХОЛМУРОДОВ, Самарқанд тумани, Навбоғ маҳалласи”.