Самарқандда Миллий гвардия ходими ва адвокат пора билан қўлга олинди

Бу ҳолатлар Давлат хавфсизлиги хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида ўтказилган тезкор тадбирларда аниқланди.

Унда Миллий гвардия Иштихон туманлараро қўриқлаш бўлими ходими, 1990 йилда туғилган Ф.О. мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда маҳаллий фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришини айтиб, ундан 1500 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинди.

 

Яна бир тадбир чоғида адвокат Ш.А. маҳаллий фуқарога суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилишини ўзининг мансабдор танишлари орқали бекор қилишга ваъда бериб, бунинг учун ундан 600 АҚШ долларини пора тариқасида олаётган вақтида ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.