Самарқандда талабалар кўчада қоляпти(ми?)
Нимагадир таҳририятимиз жойлашган маҳалла ўқиш бошланиши билан гавжум гўшага айланади. Эрталаб ўқишга шошаётган ва тушдан кейин қайтаётган талабаларга дуч келасиз. Гап шундаки, мазкур ҳудуд бир нечта олий таълим муассасаларига яқин бўлгани учун талабаларни ижарага қўядиган уйлар кўп. Йўлкирага пул сарфламаслик, дарсга ўз вақтида етиб бориш учун шу атрофдан ижарага уй изловчилар талайгина.
Биз ижодий гуруҳимиз билан Самарқанд давлат чет тиллар институти дарвозаси ёнида кўрпа-тўшаклари билан турар жой илинжида ўтирган талабалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб турганимизда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мутахассислари келиб қолди. Бу ерда улар масалага ечим топиш мақсадида бошқарма томонидан кўрилаётган чоралар ҳақида гапириб берди.
- Талабалар учун турар жой топиш учун бот ишга туширилди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси мутахассиси Меҳрож Исаев. – Бошқармамиз томонидан вилоятда таълим олаётган талабаларга кўмаклашиш мақсадида талабалар ва ижарачиларнинг мулоқот майдони ва махсус бот тизими @Talabajoy_bot йўлга қўйилди. Бу талаба ва ижарачи ўртасида беминнат кўприк вазифасини ўтайди. Бундан кўзлаган асосий мақсад ёшларимиз Самарқанд шаҳрида қулай ва арзон нархда (ҳеч қандай воситачиларсиз) ижарада яшаши учун кўмаклашишдир.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида 10 мингга яқин талаба таҳсил олади. 2021-2022 ўқув йилида мазкур олий таълим муассасасига 3700 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Бугунги кунда институтнинг бор йўғи 800 ўринли талабалар турар жойи мавжуд.
- Талабаларни турар жой билан таъминлаш энг оғриқли муаммоларимиздан, - дейди СамДЧТИ проректори Отабек Ғайбуллаев. – Бугун институтимиз бош биноси ёнидаги ётоқхонага 800 нафар турар жойга ўта муҳтож талабаларни жойлаштирдик. Яна Гагарин кўчасида жойлашган 400 ўринли талабалар турар жойи таъмирланяпти. Бундан ташқари, шу бино ёнидан тадбиркорлар кўмагида яна бир ётоқхона қурилиши режалаштирилган.
Ҳа, айни кунларда кўпгина ёшларимизни турар-жой масаласи қийнаётгани сир эмас. Ҳар янги ўқув йили бошланиши арафасида юзага келадиган мазкур муаммо талабаларни бу йил ҳам четлаб ўтмаяпти.
Бугунги лавҳамиздан масъуллар, тадбиркорлар, ижара уй эгалари тегишли хулоса чиқаради, деган умиддамиз!