Жомбойлик ўқитувчилар иншо ёзди

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Жомбой туманидаги

40-умумтаълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида иншолар танлови ташкил этилди.

Баҳолашда иштирокчиларнинг саводхонлик даражаси, сўз танлаш, ўзбек тили нафосатини очиб бера олиш даражасига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ғазалхонлик танлови ҳам ўтказилиб, унда олтмишга яқин ўқувчи-ёшлар қатнашди.

Ўқитувчилар ўртасидаги иншолар танловида 50-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Сайёра Аминова ҳамда 47-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Матлуба Маматмуродова ғолиб бўлди. Ўқувчилар ўртасидаги танловда эса 40-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Дурдона Ҳасанова, 46-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Динара Абдужалилова энг саводхон иштирокчи сифатида эътироф этилди. 

 

Ғазалхонлик кечасида 47-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Дилдора Алимардонова 50 та ғазални ифодали тарзда ёд айтиб, ғолибликни қўлга киритди. 

Танлов сўнгида 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан Кошғарий, Навоий, Бобур, Қодирий каби алломалар ҳаётидан саҳналаштирилган лавҳалар ижро этилди. 

Тадбир доирасида таниқли адиб, публицист Фармон Тошев билан ижодий учрашув ҳам  ташкил этилди.

- Тил миллатнинг мавжудлик шарти. Шу боис ўзини таниган, ўзлигини билган ҳар бир миллат она тили ривожини ҳаёт-мамот масаласи деб билади, - деди Ф.Тошев. - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Бу унинг ривожи учун ҳуқуқий кафолат. Лекин тилимизнинг чинакам тараққий этиши учун бунинг ўзи кифоя қилмайди. Она тили тақдири учун куйиниш ҳисси миллатнинг ҳар бир вакили қалбига кўчиши керак. Шу жиҳатдан бугунгидек тадбир - катта-ю кичик ўртасида иншолар танлови, ғазалхонлик кечаларини мунтазам равишда ўтказиб туриш ўзбек тили ривожига хизмат қилади.

Тадбир якунида иштирокчиларга адибнинг асарларидан намуналар совға қилинди.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.