"Менга майда қадамлар санъатини ўргат"
Машҳур француз ёзувчиси, шоир ва профессионал учувчи Антуан де Сент-Экзюперининг “Илтижо”си унинг ҳаётидаги энг қийин даврларида ёзилган.
У бизга жуда муҳим нарсаларни эслатади, инсоннинг қалби ва онгига чуқур таъсир кўрсатади. Сиз ҳам ўқиб, ўзингизга керагини олинг.
“Худойим, сендан мўъжизалар ва саробларни эмас, балки ҳар бир куннинг қадр-қимматини сўрайман. Менга майда қадамлар санъатини ўргат.
Кундалик ҳаётнинг ранг-баранглигида ҳаяжонга соладиган кашфиёт ва тажрибалар билан чегараланмай қолмаслик учун мени кузатувчан ва топқир қил. Менга ҳаётим вақтини хатосиз сарфлашни ўргат, муҳим ва унчалик аҳамияти бўлмаган нарсаларни ажрата оладиган нозик бир қобилият инъом эт.
Ҳаётда парвоз қилмаслик ёки тойиб кетмаслигим учун тийилиш ва меъёр кучини сўрайман, шунда кунимни оқилона режалаштириб, чўққи ва масофаларни кўра олардим ва баъзида санъатдан завқ олишга вақт топган бўлардим.
Менга на ўтмиш, на келажак орзулари кўмакдош бўлмаслигини тушунишга ёрдам бер. Айнан бугун ва айнан шу ерда бўлишимга ва айнан шу дақиқа муҳимлигини идрок этишимга ёрдам бер.
Мени ҳаётдаги ҳамма нарса силлиқ бўлиши керак, деган содда эътиқоддан эҳтиёт қил. Менга қийинчиликлар, муваффақиятсизликлар, йиқилиш ва мағлубиятга учрашишлар ҳаётнинг табиий бир қисми эканлиги тўғрисида аниқ шуур бер, шунинг натижасида биз камолга етамиз.
Кўпинча юрак ақл билан баҳслашиб туришини менга эслатиб тур.
Зарур бўлган пайтда менга ҳақиқатни айтишга журъат этадиган, бироқ уни меҳр ила етказадиган одамни юбор.
Ҳеч нарса қилмасдан туриб ҳам кўплаб муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини биламан, шунинг учун менга сабр-тоқатни ўргат.
Дўстга қанчалик муҳтожлигимизни биласан. Тақдирнинг ушбу ажойиб ва нозик инъомига муносиб бўлишимга ижозат бер.
Менга керакли пайтда, керакли вақтда, керакли жойда сукунат ёки суҳбатда кимгадир зарур илиқликни беришим учун бой тасаввур ато эт.
Мени бутунлай “пастда” бўлган кишиларга мурожаат қилишни биладиган одамга айлантир.
Ҳаётда бирор нарсани ўтказиб юбориш қўрқуви билан яшашдан асра.
Менга ўзим хоҳлаган нарсани эмас, балки зарур нарсаларни бер. Менга майда қадамлар санъатини ўргат”.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.