Жума – тадбиркорлар куни: 30 мурожаатнинг 25 таси қабулгача ҳал этилди
Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
- Бу галги учрашувда қатнашиш учун ҳафта бошида шаҳар ва туманлардан 30 дан ортиқ мурожаат бўлди, - дейди Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошли²и Шерали Йўлдошев. – Мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча ер ажратиш, кредит олиш, архитектура ҳужжатларини тайёрлаш, давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассассалари қуриш ва бошқа масалаларда эди. Бу масалалар учрашувга қадар мутасаддиларга етказилиб, 25 таси муаммолар ҳал этилди. Бугунги учрашувда муаммоси жойларда ҳал этилмаган 5 нафар тадбиркор вилоят ҳокимига мурожаат қилди.
Жумладан, Оқдарё туманидан У.Ҳайдаров тиббий дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш «Оқдарё фарм эркин иқтисодий зонаси дерекцияси»ни ташкил этиш бўйича мурожаат қилди. Унинг мурожаати алоҳида ўрганиладиган бўлди. Самарқанд шаҳрида яшовчи А.Раҳматов хусусий мактаб ва мактабгача таълим муассасаси ташкил этганини билдирди. Мазкур йўналишдаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида Самарқанд шаҳридаги бўш турган касб-ҳунар коллежи ёки академик лицей биносини 5 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан «ноль» қийматида ажратилишида амалий ёрдам сўради. Унинг масаласини ҳал этиш учун мутасаддиларга топшириқ берилди.
– Жамиятимизда наслли парранда тайёрлашни ривожлантириш учун 2,5 миллион долларлик янги лойиҳани ишга туширмоқчимиз, - дейди Тойлоқ туманидаги «Зарафшон наслли парранда инвест» масъулияти чекланган жамияти директори Рустам Раззоқов. – Ушбу лойиҳамизга хорижий ҳамкорларимиз 1,5 миллион доллар миқдорида сармоя киритиб, керакли ускуналарни ҳам келтиришди. Бироқ янги мажмуа қурилиши учун жой бўлмаганлиги туфайли Самарқанд тумани ҳудудидан 4 гектар ер сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим уч кунда ижобий ҳал этилиб, тегишли қарорлар чиқариладиган бўлди.
Б.МУСТАНОВ.