Вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида нега қурилиш ишлари суст кетяпти?
Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқишлари доирасида турли касб-ҳунарларга йўналтириш, қобилиятларини ҳар томонлама ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашда жойларда фаолият олиб бораётган “Баркамол авлод” болалар мактабларининг ўрни беқиёс.
Бугун ушбу масканларни обод қилиш, ёшлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалий ишларга қўл урилмоқда. Жумладан, республикамиздаги болалар мактаблари орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган Самарқанд вилояти “Баркамол авлод” болалар мактабида бугун мукаммал таъмирлаш ишлари бошланган.
“Каската билдинг” қурилиш корхонаси ҳамда “Парвез проект сервис” МЧЖ лойиҳаси асосида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш ишларига 4,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сафарбар этилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов “Баркамол авлод” болалар мактабидаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишди. Афсуски, янги ўқув йили бошланиши арафасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган ушбу муассасада қурилиш ишлари суст кетяпти, камига ишлар сифатсиз бажарилаётгани маълум бўлди. Қурилиш ишлари бошланганига қарийб бир ой бўлган бўлса-да, бугунги кунга қадар “Парвез проект сервис” МЧЖ томонидан лойиҳа якунланмаган. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаяпти. Мактабнинг соз ҳолатдаги анжомлари, парта, стол-стуллардан қурилиш жараёнларида фойдаланилаётгани сабабли улар яроқсиз аҳволга келиб қолмоқда.
Таъкидлаш жоизки, вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби директори лавозими бўш турган эди. Ушбу лавозимга айни пайтга қадар Самарқанд шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори сифатида ишлаб келган Фируза Назарова тайинланди.
Бошқарма бошлиғи ҳозирга қадар вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби қониқарсиз фаолият олиб боргани, туман ва шаҳарлардаги шундай мактаблар билан ўзаро ҳамкорлик йўқлигини танқидий таҳлил қилди. Янги раҳбар ва мактаб жамоаси олдига келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар ва чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.