Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Филиппин раҳбари фуқаролардан пора талаб қилган мансабдорларни отишга рухсат берди

Кеча, 12 сентябрь куни Филиппин Президенти Родриго Дутерте, фуқаролардан пора талаб қилган мансабдорларни ўқ отар қурол билан отиб, уларга жароҳат етказишга (ўлдиришга эмас) рухсат берди, деб хабар берди “Manila Bulletin” нашри.

Дутерте жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун коррупционерларнинг оёғига отишни таклиф қилди.

- Агар сиз солиқларни, йиғимларни, божхона ва бошқа тўловларни тўлаётган бўлсангиз. Бу аҳмоқлар сиздан пора талаб қилса, уларни уринг. Агар ёнингизда қурол бўлса, сиз уларни отишингиз мумкин. Аммо уларни ўлдириб қуйманг. Акс ҳолда сиз суриштирувлар натижасига кўра, афв этилмаслигингиз мумкин, - дейди Дутерте. - Коррупция мамлакатнинг кенг тарқалган муаммосига айланган. Бу деярли ҳар бир ҳукумат аъзосининг ичига жойлишиб олган қурт.

Унинг сўзларига кўра, қонунни бузаётган мансабдорга ўқ узиб, тан жароҳати етказган фуқарога қамоқ жазоси қўлланилмайди.

Шунингдек, Дутерте фуқароларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, мансабдор шахслар иштирокидаги коррупция ёки ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида хабар беришга чақирди.

2016 йил май ойида Филиппин президенти этиб сайланган Родриго Дутерте ҳуқуқбузарликка, коррупцияга қарши жиддий чоралар кўриш тарафдори бўлиб қолмоқда. Дунё жамоатчилиги Филиппиндаги гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш усулларини бир неча бор қоралади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарияти Филиппин ҳукуматини тартибсиз қотилликлардан, гумонланувчиларни суд қилмай жазолаш усулларидан воз кечишга чақирмоқда.