Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кушхоналар фаолиятини ўрганиш бошланди. ДСЭНМ ходими фақат огоҳлантирадими?

Самарқанд тумани Гулбоғ маҳалласидаги ўрганишлар давомида Комил Неъматуллаев ва Сухроб Мирзаевга қарашли гўшт дўкони кўздан кечирилганда сотувчининг шахсий тиббий дафтарчаси тўғри юритилмаганлиги, тиббий кўрикдан ўтмаганлиги ва гўштхонада махсус иш кийимида бўлмаган бегона одамлар ҳам ишлаётганлиги аниқланди. Туман ветеринария бўлими ходимларининг айтишича, барча гўшт сотувчилар ўн кун олдин савдо қоидалари бўйича огоҳлантирилган, аммо биз борганда сотувчиларнинг аксариятида махсус иш кийими ҳам йўқлигига гувоҳ бўлдик.   Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази туман бўлими бошлиғи ўринбосари Шерзод Ҳабибов эса ҳудуд инспектори бўла туриб, бу ерда гўшт дўкони борлигидан бехабар экан. Сотувчиларнинг аксарияти гўштни қайси кушхонада сўйилганлигини ҳам билишмайди.

Ўз-ўзидан савол туғилади: ветеринария ходимининг ваколати  фақат огоҳлантириш бўлса, ДСЭНМ масъули эса маҳсулот сифатини эмас, қаерда  гўштхона борлигина ҳам билмаса, муаммога ким барҳам беради? Ахир бу ташкилотлар фаолияти инсон саломатлиги учун хавфли бўлган маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш ва товарлар сифатини назорат қилишга қаратилган эмасми?

Абдурасул АШУРОВ.