Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади

Ушбу мактаблар вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида, мустаҳкам моддий-техника базасига эга, ўқитувчиларнинг юқори салоҳияти, айни пайтга қадар таълим сифати ва самарадорлиги бўйича ютуқларга эришиб келаётган мактабларда ташкил этилиши кўзда тутилган.

Айни пайтга қадар Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан 2020-2023 йиллар давомида математика, информатика, кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ташкил этиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилган. Жумладан, вилоятнинг 16 та туман ва шаҳарларининг 14 тасида математика фанига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, 2 тасида мактаб-интернатларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу борада тегишли қарорлар қабул қилингач, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ўз фаолиятини бошлайди.

Бундан ташқари, юқорида қайд этилган талабларга жавоб берадиган мактабларда 2020-2021 ўқув йилидан вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларида информатика, кимё ва биология фанларига ихтисослашган давлат умумтаълим мактаблари фаолияти йўлга қўйилади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.