"Шифокорлардан айланай"
Сарлавҳани бекорга бундай қўймадик. Пайариқ туманидаги Челак кўп тармоқли марказий поликлиникаси "Катта турк" филиали ва "Гулистон" оилавий шифокорлик пунктида ўтказилган тиббий кўрикка келган ҳар бир кишидан ана шундай гапларни эшитишингиз мумкин.
- Кўпчилигимиз «Соғломман-ку, тиббий кўрикнинг нима кераги бор?» деб айтишга ўрганиб қолганмиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Саидазим Ўтамуродов. - Агар касаллик сал хуруж қиладиган бўлса, «ўтиб кетади, ўтиб кетади» дея ўзимизни-ўзимиз овутган бўламиз. Лекин айрим касалликлар борки, инсонни аста-секин йиқитади. Докторга боришга мажбур қилади. Афсуски, ўша пайти касалликни даволаш қийин кечади.
Мана, бугунги тиббий кўрикка назар соладиган бўлсангиз, одамларимизнинг анча тиббий маданияти ошган. Кўрикка келганлар шифокорларимиз билан очиқ-ойдин мулоқот қиляпти. Саволларига жавоб оляпти. Албатта, бундай натижаларга эришиш давлатимизнинг тиббий хизматга жиддий эътибор берилаётганлигининг самараси. Ҳозир хоҳлаган оилавий шифокорлик пунктига борайлик, зарур шарт-шароит бор. Фақат бундан фойдаланиш керак.
Тиббий кўрикда 600 га яқин аҳоли иштирок этди. Шундан 178 нафарида турли хил касалликлар аниқланди. Аниқланган касалликлар бўйича 110 нафари амбулатор шароитда даволанадиган бўлди. 3 нафарига вилоят шифохоналарига, 21 нафарига эса туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларига ётиб даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.