Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Танлов: Юз миллион сўм қайси мактабга насиб этади?

Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси ижросини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган тўртинчи ташаббусни амалга ошириш мақсадида Самарқанд вилоятида “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон мактаб” ва “Энг яхши китобхон маҳалла” кўрик-танловлари ўтказилиши режалаштирилди.

“Энг яхши китобхон мактаб” кўрик-танловида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг ҳар биридан 7 нафар, жумладан, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, кутубхоначи ва ёшлар иттифоқи етакчиси, шунингдек, тўрт нафар китобхон ўқувчидан иборат жамоа иштирок этади. Кўрик-танлов икки босқичда ўтказилади. Жорий йилнинг 5-15 декабрь кунлари унинг туман (шаҳар) босқичи бўлиб ўтса, жорий йилнинг 19 декабрь куни вилоят босқичи ўтказилади ва ғолиблар аниқланади.

Танловда жамоа вакиллари уч шарт — “Таништирув”, “Зукколар” ҳамда “Билимдон ўқувчи” шартлари бўйича беллашади. Кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичи ғолибларига китоблар жамланмаси (1-ўринга 100 дона, 2-ўринга 50 дона, 3-ўринга 30 дона) ҳамда вилоят босқичи ғолибларига эса вилоят ҳокими совғаси — 100 миллион сўм (1), компьютер жамланмаси (2) ҳамда ноутбук (3) совға қилинади.

Кўрик-танловда барча умумий ўрта таълим мактаблари жамоалари фаол иштирок этиши алоҳида эътиборга олинган.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.