Самарқандлик ёш китобхонлар тақдирланди

Самарқанд давлат университетида “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида юқори натижаларни қўлга киритган самарқандлик қизларни тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Bилоят ҳокимлиги ташаббуси билан университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, вилоят нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Шуҳрат Негматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлим раҳбари Тошпўлат Тугалов юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, зукко китобхон ёшлар ва уларнинг устозлари, ота-оналарини табриклади.

- Бу танлов ёшларимизнинг китобга бўлган меҳрини оширишга хизмат қиляпти, - дейди университетнинг филология факультети декани Азамат Пардаев. – Факультетимизнинг 2-босқич талабаси Марҳабо Маҳкамтошеванинг танлов ғолиби бўлиб, “Спарк” автомашинасини қўлга киритиши университет жамоасини хурсанд қилди.

– Танловда тўртинчи марта иштирок этишим ва тўртинчи уринишда ғолибликни қўлга киритдим, - дейди Марҳабо Маҳкамтошева. – Танловнинг республика босқичига тайёргарлик кўриш мобайнида белгиланган 60 та асарни бир марта эмас, бир неча бор ўқидим. Ҳар гал ўқиганимда бу китоблардан янги маъно, янги мазмун топдим. Ҳаётга муносабатим, қарашларим ўзгарди. Кейин танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу эканлигини англадим. Аслида, китоб ўқиш менга ҳаётий эҳтиёжга айланиб улгурган. Мени мана шундай натижаларга эришишимда қўллаб-қувватлаган ота-онамдан, устозларимдан чексиз миннатдорман!

“Ёш китобхон” кўрик-танлови республика босқичи ғолиби Марҳабо Маҳкамтошева, 20-30 ёш тоифасида иккинчи ўринни эгаллаган нарпайлик Ирода Сафоева ҳамда 10-14 ёш тоифасида фаол иштирок этган нурободлик Моҳинур Мухтаровага эсдалик совғалари, уларнинг ота-оналарига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари топширилди.

- Танловнинг республика босқичида иштирок этишимнинг ўзи мен учун катта ютуқ бўлди, - дейди Моҳинур Мухторова. – Асосийси, шу танлов сабаб жуда кўп янги асарлар билан танишдим. Аввал ўқиганларимни такрорладим. Бу хотирани кучайтиришга, дунёқарашни кенгайтиришга хизмат қилар экан. Совринни қўлга киритиш муҳим эмас, аммо ортга чекинмайман, келгуси йил яна қатнашиб, мен ҳам Марҳабо опадек вилоятимизга “Спарк” автомашинаси билан қайтаман.
Шунингдек, тадбирда Самарқанд давлат университети талаба-ёшлари ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва китобхон ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Менинг шахсий кутубхонам” видеороликлар танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.

Эъзоза МЕЙЛИЕВА,
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ (сурат).