Китоб ўқимай, китобхонлик танловида ғолиб бўлган қиз билан суҳбат

Мана, бир неча йиллардан бери юртимизда «Ёш китобхон» республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Ёшлар ўртасида китобга бўлган қизиқиш ортди. Ҳар бир ёш ўз билимини синаб кўрмоқда. Қуйидаги суҳбатимиз мазкур танловнинг республика босқичида 2-ўринни эгаллаган, Бухоро давлат университети магистранти Шамшода Ҳамдамова билан бўлди.

Нега биринчи ўринни олган қиз эмас, иккинчи ўрин соҳиби билан суҳбат уюштириляпти, деган ҳақли савол туғилиши мумкин ўқувчида. Гап шундаки, Шамшода китоб ўқиш имкониятига эга эмас, фақат эшита олади. Аммо шунга қарамай, соғлиғидаги камчилик ҳам унга баҳона бўлмади. Ҳеч нарсага қарамасдан, барча тўсиқларни енгиб ўтиб, танловнинг республика босқичига етиб келди.

- Китоб ўқишга қизиқишингиз қачондан бошланган?

- Аслида болалигимдан китоб ўқишни яхши кўраман. Китоб мутолааси ҳаётимнинг мазмуни, десам ҳам бўлади.

- Танловга қандай тайёрландингиз?

- Тайёрланишимга энг катта ёрдам берган кишилар синглим ва устозим Камол Шарипов бўладилар. Асарларни синглим Жайрона ўқиб берарди, кейин уни телефонга ёзиб олиб, аудио шаклда тахлардик ва барча асарларни, шу тарзда аудио шаклда эшитганман. Нафақат асар, балки шеърларни ҳам синглим ёки устозим ўқиб, аудио шаклга келтириб беришарди. Шу тариқа менда аудио шаклдаги жуда катта китоблар жамланмаси пайдо бўлди.

- Адиблар ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ саволлар ҳам бор эди танловда.

- Юқорида айтганимдай, танловга тайёргарликнинг барча жабҳаларида устозимнинг хизмати катта бўлди. Чунки берилган адиб ҳаёти ҳақидаги маълумотларни излаб топиш, уларни ўқиб, аудио шаклга солиш билан фақат улар шуғулланди. Мен ўқиб, уларни ёд олишга ҳаракат қилдим.

- Сизни шеърлар ҳам ёзиб туради, деб эшитдик.

- Ҳа, ижод қиламан, учта шеърий китобим нашрдан чиққан.

- Университетда таҳсилингиз билан танловга тайёргарлик жараёни қийин кечмадими?

- Аввалига университет ётоқхонасида тайёрландик, аммо китобни менга ўқиб беришлари атрофдагиларга ноқулайлик туғдирди. Шунинг учун ижарага чиқиб, кейин бемалол тайёргарлик кўрдим. Кеч соат 2-3 ларгача китоб ўқирдик, баҳслашардик, тортишардик. Аммо бу жараён ўзимга ёқарди, шунинг учун қйналдим, деб айтолмайман. Аксинча, асар ичига кириб кетар, унинг қаҳрамонлари билан бирга яшардик. Бу менга завқ берарди, китоб ўқиш билан бирга ҳаётдаги мақсадлар сари интилишга иштиёқ берарди. Аксинча, мен танловга тайёргарлик кўрган кунларимни ҳаётимдаги энг бахтли кунларим, деб ҳисоблайман. Қанийди, шундай китобхонлик муҳити доимий бўлса.

- Китоб мутолааси кишига нима беради?

- Китоб инсон дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборишга қодир. Ҳаётда бардошли, сабрли, иродали бўлишга ўргатади. Тафаккуримиз кенгаяди, ахлоқий қарашларимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

- Танлов натижасини эшитганингизда қай аҳволга тушдингиз?

- Тўғри, бошида осон бўлмади. Охирги шартдан сўнг билимни эшитиб йиғлаб юбордим. Тасаввур қилинг, тўртта шартда 1-ўринда турсаму, 5-шартга келиб, арзимаган баллга ютқазиб қўйсам. Алам қилмайдими? Бироз стрессга тушдим, аммо ота-онам, яқинларим, устозим меҳри, далдаси билан тезда бу ҳолатдан чиқиб кетдим. Охирги шартни ёмон шарҳлагандирман, эҳтимол. Лекин бу эркин мавзу. Мен дунёни одамларнинг сўзи билан тасаввур қилганман, кашф этиб, тушунганман. Шундай экан, эркин мавзуни, билим савиямдан келиб чиқиб жавоб бердим. Умуман, китобхонлик танловига қатнашган бирор бир иштирокчи мағлуб бўлмайди, деб ўйлайман. Уларнинг ҳар бирининг энди билим, тафаккур, мақсад, иштиёқ номли хазинаси бор.

Муниса Шамсиева суҳбатлашди.