Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТИВ Ухандан қайтиб келган талабаларни зудлик билан алоқага чиқишларини сўрамоқда

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 2020 йил 25 январь куни коронавирус тарқалиши сабабли Хитой ҳукумати мамлакатнинг 1,2 миллиард киши истиқомат қиладиган 25 та провинсияси, марказга бўйсунадиган шаҳарлар ва махсус маъмурий ҳудудларда соғлиқни сақлаш бўйича энг юқори даражадаги фавқулодда вазиятни жорий этди. Бу ҳақда ТИВ маълум қилмоқда.

Хубей провинциясининг 15 дан ортиқ шаҳарларида махсус карантин чоралари жорий этилган: транспорт вақтинча тўхтатилган, вокзаллар ва аэропортлар ишламаяпти. Пекин шаҳрида 30 дан ортиқ киши ушбу касалликни юқтирган бўлиб, у ерда аксар диққатга сазовор жойлар, театрлар, музейлар, шу жумладан, тақиқланган шаҳар ёпилган.

Элчихона Хитойда бўлиб турган ёки мамлакатга туризм ва бошқа мақсадлар учун ташриф буюрмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига барча хавф-хатарларни инобатга олиш ва барча эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилади.

Элчихона январь ойида Ухандан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишни қатъий тавсия қилади.

Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +86 135-1102-4242 Бобур Яхяйев, +86 139 1175-4476 Шухрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.:+86 131-2255-5772, Aзиз Улуғбеков) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.