Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Очиқ мулоқот”га савол йўллаган Арзиқулов 15 суткага қамалди

Жорий йилнинг 10 февраль куни вилоят телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида Каттақўрғон шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов, сектор ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, аҳолидан тушган мурожаатларга жавоб қайтарган эди.

 Хўш, қарийб бир ой муддат давомида нечта фуқаронинг мурожаатига ечим топилди?

– “Очиқ мулоқот” кўрсатувига Каттақўрғон шаҳри аҳолисидан 73 мурожаат келиб тушганди, – дейди шаҳар ҳокими Музаффар Ҳошимов. – Шундан 48 таси ижобий ечим топди, 7 та савол эгасига тушунтириш берилди ва 4 мурожаат муаллифининг манзили ва телефон рақамини  аниқлашнинг имкони бўлмади. 1 та мурожаат эгаси Каттақўрғон туманидан бўлгани боис масалани туман ҳокимлигига йўналтирдик. Айни пайтда қолган 13 мурожаат бўйича  масъул мутахассислар шуғулланмоқда.

Ҳокимнинг сўзларидан сўнг айрим мурожаатчилар билан телефон орқали боғландик.

–  Намунали   уйлардан  бирида   яшайман, – дейди Сармозор маҳалласида яшовчи  Илҳом Каримов. – Уйимизнинг  атрофи  чиқиндилар  билан  тўлиб кетади. Шу боис кўрсатув орқали туман мутасаддиларидан шу муаммони ҳал қилиб беришларини сўрагандим. Мурожаат қилиб, тўғри қилган эканман. Уч кун ўтмасдан уйимизнинг атрофи чиқиндилардан тозаланди ва махсус чиқинди қути ўрнатилди.

Яна бир мурожаат эгаси Зомин маҳалласида истиқомат қилувчи I гуруҳ ногирони Шуҳрат Ҳайитов.

– Имкониятим чеклангани боис ҳокимдан иккита муаммони ҳал қилиб беришини илтимос қилгандим, – деди Ш.Ҳайитов. – Яъни, 2 нафар ўғлимнинг суннат тўйини ўтказиб, уй-жойимизни таъмирлаб бериш бўйича. Мутасаддилар кўрсатувдан сўнг бизникига келишди ва фарзандларимнинг тўйини Наврўз байрамигача ўтказиб беришни ваъда қилди. Бироқ уйим ҳозирча таъмирга муҳтож эмаслигини айтишди.

Каттақўрғон шаҳрининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Жамшид Арзиқулов алиментдан қарзи борлиги, ўзи ишсизлиги, агар ишга жойлашадиган бўлса, қарзларини тўлашини айтиб, мурожаат қилган эди. Шаҳар ҳокимлиги унинг мурожаатини ерда қолдирмади ва шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ишга қўйди. Аммо...

– Мен Жамшид Арзиқуловнинг кейинги рафиқасиман, – дейди Х.Ҳайдарова. – Турмуш ўртоғим ишга кириб, “Маош олсам алимент пулини, албатта, тўлайман”, деб турганида уни қарздорлиги боис ўн беш суткага қамаб қўйишди. Қамоқдан олиб чиқишим учун 456 минг сўм тўлашим керак экан. Шунча пулимиз бўлганида, биринчи навбатда алиментни тўлардик-да. Ишсизман, ёш болаларим билан қийналиб ўтирибмиз...

Каттақўрғон шаҳри мутасаддилари аҳолидан йўлланган мурожаатларнинг ечимини топишга ҳаракат қилган. Аммо айрим ташкилот раҳбарларининг эътиборсизлиги оқибатида баъзи мурожаатлар бўйича аҳолида ҳали ҳануз эътирозлар бор.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.