Ишга киритишни ваъда қилган фирибгар аёл қамалди

Қорақалпоғистонда 900 доллар эвазига ишга киритиб қўйишни ваъда берган аёл жазога тортилди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Маълум бўлишича, 29 ёшли Зулхумар Ж. Нукус шаҳрида яшовчи 61 ёшли Т.С.га унинг ўғли 32 ёшли О.А.ни ўзининг мансабдор танишлари орқали 900 АҚШ доллари эвазига Қўнғирот туманидаги “ЎзКоргаз” корхонасига ишга жойлаштириб беришини ваъда қилиб, 2019 йил 7 июнь куни 500 АҚШ доллари ва 1 июль куни 400 АҚШ доллари жами 900 АҚШ доллари пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, алдаб, фуқаро О.А.ни ишга киритмасдан, олган пулларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро Зульхумар Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича Зульхумар Ж.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йилнинг 6 ноябрь куни жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг 2019 йил 6 декабрдаги ҳукмига кўра, Зульхумар Ж. юқорида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.