Самарқандда аёл МИБ ходимларига бензин сепиб, ёқишга уринди

2020 йил 20 январь куни соат 14:20 ларда Самарқанд шаҳрида ижро ҳаракатларини амалга ошираётган МИБ ходимларига қаршилик қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Б. ҳамкасблари билан иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан, даъвогар шаҳар ҳокимлиги ва қўшимча даъвогар “SV” МЧЖ фойдасига жавобгар - 1978 йилда туғилган Д.Р.ни уй-жойдан чиқариш юзасидан Самарқанд шаҳри, Навоийшоҳ кўчаси 49-уй, 16-хонадонга келишади.

МИБ ходимларининг ижро ҳаракатларини амалга ошириши жараёнида ушбу хонадонда рўйхатда турувчи Д.Р. уй-жойдан чиқишдан бош тортади. Аёл МИБ ходимларининг фаолиятига қаршилик кўрсатиб, уларнинг устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни уларнинг устига улоқтириб юборади. Бу орқали жавобгар МИБ ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбур қилади.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 21 январь куни шаҳар прокуратураси томонидан Д.Р.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.