МИБ расмий изоҳ берди: Самарқандда ходимларга қаршилик кўрсатиш ҳолатида ҳеч кимга шикаст етмаган
Тўлов интизомини мустаҳкамлаш орқали қарздорликни камайтириш, энергия тармоқларига ноқонуний уланиш, суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш каби вазифаларни бажариш Бюро ходимларига осон кечмаяпти.
Айрим ҳолларда фуқароларимиз ходимларнинг қонуний талабини бажариш ўрнига куч ишлатиб, қаршилик кўрсатиш билан масалани ўз томонига ҳал этиш мумкин, деб ҳисобламоқда.
Воқеа ҳолатига тўхталадиган бўлсак, 2020 йил 21 январь куни соат тахминан 14:20 ларда МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Бекмуҳамедов иш юритувидаги жавобгар Д.Розиқовани Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳ кўчаси 49-уй, 16-хонадондан мажбурий чиқариш ҳақидаги ФИБ Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан, 12 нафар давлат ижрочиларининг амалий ёрдамида мажбурий ижро ҳаракатларини бошлаган вақтида Д.Розиқова давлат ижрочиларини алдаб, хонадонга кириб, ичкаридан сочиқни ёққан ҳолда кўтариб чиққан ва кириш йўлагида тўпланиб турган давлат ижрочиларига қарата улоқтирган.
Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовнинг ёзишича, сочиқ давлат ижрочиларига тегмасдан, уйнинг биринчи қавати чиқиш зинасига тушган. Лекин Д.Розиқова бу билан чегараланмасдан, хонадон ичидаги елим идишга (баклашкага) солинган бензин ёқилғисини ҳар томонга, шу жумладан, ёниб турган сочиққа сепа бошлаган. Сепилган бензин давлат ижрочиларининг кийимларига ҳам тушган бўлса-да, давлат ижрочиларининг ўзини четга олганликлари туфайли аланга уларга жиддий шикаст етказмаган.
Мазкур ҳолатда бирор бир МИБ ходими ёки фуқаролар тан жароҳатлари олишмаган. Д.Розиқова ИИБ ходимлари томонидан тинчлантирилган ва турли жойлардаги ёнғин ўчоқлари ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан бартараф этилган.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Д.Розиқовага нисбатан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 21 январда Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Тўлов интизоми кўп жиҳатдан истеъмолчиларнинг тўлов маданиятига риоя этишларига бевосита боғлиқ.
Ўз вақтида амалга оширилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун амалга оширилган тўловлар аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва ички инфратузилмани ривожлантириш, энергетика соҳасини модернизациялаш ҳамда янги технологик лойиҳаларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Ачинарлиси, тўлов қобилияти эга бўлган айрим фуқаролар, қарздорликни бартараф этиш ўрнига, ижтимоий тармоқлар орқали Бюро фаолияти ҳақида бўҳтонли хабарларни жойлаштиришга ҳаракат қилишмоқда.
Маълумот учун, кеча, 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари билан “Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда, иш ҳажмининг кўплиги ва оғир шароитда ишлашни хоҳламаган 6300 нафардан ортиқ ходимлар ўз хоҳиши билан ишдан бўшатилгани, биргина, ўтган йил давомида Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 132 та ҳолатлар аниқланиб, айбдорларга қонуний чора кўрилгани айтилди.
Шунингдек, Бюро ташкил этилгандан буён 4 нафар ходим ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этган. 200 нафардан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.