Тадбиркорнинг 7 ой электр энергиясидан фойдаланмаганига МИБ ходимининг ноқонуний далолатномаси сабаб бўлган

Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Ҳамидулла Гулямов Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг (Бизнес-омбудсман) Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимларига мурожаат қилди.

Аниқланишича, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ходими Ж.Туропов томонидан 2019 йилнинг 26 февраль куни тузилган №MIB NV EU-0014611-рақамли далолатномага асосан Самарқанд шаҳар Туркистон кўчаси, 62-а-манзилда жойлашган хусусий савдо дўкони қарздорлиги мавжудлиги сабабли электр тармоғидан узилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20017 йил 10 июлдаги 484-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларни электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув ва канализация тармоқлари ҳамда сув қувурларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 12-бандига кўра, бюро истеъмол қилинган электр энергияси учун қарзи мавжуд бўлган истеъмолчини қарзни беш кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида ёзма хабардор қилиши, 13-бандига кўра, хабардор қилинган пайтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўриши лозим.

Бироқ Ҳамидулла Гулямов фаолият юритиб келган хусусий савдо дўконини электр тармоғидан узишда юқоридаги низом талаблари бузилган. Яъни, истеъмолчи қарзни беш кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида ёзма хабардор қилинмасдан, тўғридан-тўғри тармоқдан узиб қўйилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлишича, тармоқдан узилгандан сўнг бир кун ўтгандан кейин, яъни 2019 йилнинг 27 февраль куни тадбиркор томонидан қарздорлик тўлиқ бартараф қилинган.

Ушбу ҳолатда Ҳамидулла Гулямовнинг хусусий савдо дўкони Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ходими Ж.Туропов томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, тўғридан-тўғри узилмасдан, унга белгиланган тартибда беш кун муддат берилиб, ёзма огоҳлантириш тақдим қилинганда, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида турли давлат ташкилотларига ўнлаб мурожаат қилинишининг олди олинар эди.

Шунингдек, низомнинг 16-бандида тармоқдан узиб қўйиш ҳақида икки нусхада далолатнома расмийлаштирилиб, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилиши, 17-бандига кўра истеъмолчи тармоқдан узиб қўйиш ҳақидаги далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, бош тортиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланиши лозимлиги белгиланган.

Мурожаатни ўрганиш давомида МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан берилган маълумотда далолатнома Самарқанд шаҳар Ўрикзор МФЙ раиси томонидан имзолангани таъкидланган бўлса-да, далолатноманинг истеъмолчида қолдирилган иккинчи асл нусхаси гувоҳлар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланмаган.

Яъни, истеъмолчини тармоқдан узишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили иштирок этмаган бўлса-да, МИБ ходимлари томонидан далолатноманинг бир нусхасига кейинчалик Ўрикзор маҳалла фуқаролар йиғини раисининг имзоси ва муҳри қўйдирилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида МИБ томонидан тузилган далолатномани расмийлаштиришда Ўрикзор МФЙ раиси иштирок этганлиги қайта-қайта таъкидланган бўлса-да, МФЙ раиси томонидан тақдим қилинган маълумотномада Ҳамидулла Гулямовнинг хусусий савдо дўконини тармоқдан узиш жараёнида маҳалла фуқаролар йиғини ходимларидан ҳеч ким иштирок этмаганлиги кўрсатиб ўтилган.

Ўрганиш якунларига кўра, Бизнес-омбудсман томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Республика Мажбурий ижро бюросига тақдимнома киритилди.

Тақдимнома МИБ ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказиш орқали ўрганиб чиқилиб, текшириш якунига кўра МИБ Самарқанд шаҳар бўлими ходими Ж.Туропов томонидан 2019 йилнинг 26 февраль куни тузилган №MIB NV EU-0014611-рақамли ноқонуний далолатнома бекор қилинди ва тадбиркорнинг савдо дўкони электр тармоғига қайта улаб берилди.

Аммо МИБ ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида якка тартибдаги тадбиркор 2019 йил 26 февралдан 2019 йил 16 сентябрга қадар, қарийб 7 ой давомида электр тармоғидан фойдалана олмади.

Ж.ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи бош инспектори вазифасини бажарувчи.

ЎзА.