Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Ёзувчи" қариялар ёхуд кексаликка ярашмайдиган айрим "гажак"лар хусусида

Зукко газетхон дарҳол фаҳмлаган бўлса керак. Гап сиз ўйлаган қатор-қатор китоблар ёзиб одамларга зиё улашаётган, маънавиятни бойитишга ҳисса қўшаётган ёзувчи-адиблар ҳақида эмас, балки чап қўли билан юмалоқ хат ёзишни ўзига касб қилиб олган айрим "гажак ёзувчи"лар хусусида бормоқда. Бу "ёзувчи"лар наф келтирмайди, ёзганлари бирор жойда босилмайди ҳам, аммо сизу бизнинг вақтимизни ўғирлаб, ишдан қолдиради, асабларни эговлайди. Таниш-билиш, аламзада ёхуд ҳасадгўйларнинг қармоқларига илинган ҳолда уларнинг олдига тушиб "ҳожатбарорлик" қилишади, вассалом.

Ана шундай "ёзувчи"лар орасида бугун ёши бир жойга бориб қолган кексаларнинг, давлат томонидан ижтимоий ҳимояга олинган ногиронларнинг ҳам борлиги, айниқса, ачинарли бўлмоқда.

Бир пайтлар колхоз ва совхоз тузуми даврида ҳам жамоадан, раҳбарлар иш тутумидан норози бўлиб турли идора ва маҳкамаларга юмалоқ хат ёзиб, орқасида турган ҳомийларига кўмак бериб турадиган кексалар бўлар эди. Одамлар "Ҳа фалончи бобо яна ёзибдими?", дея уларга кўникиб ҳам қолишганди.

Хўш, ўтган гапга саловат дейлик. Бугун-чи? Бугун айрим кекса отахонларимизни қайси жин ураяптики, улар ҳамон икки-учта аламзада шикоятчиларга пешволик қилиб идораларга хат кўтариб юрсалар. Тўғри, шикоят ва арз қилиш ҳар кимнинг ҳуқуқи. Адолат бузилибдими, уни тузатиш учун жон койитганларга тасанно. Бироқ юқорида таъкидлаганимиздек кўп ҳолларда турли идораларга, жумладан, таҳририятларга ҳам арз билан келувчиларнинг аксариятини кексалар ташкил этаётганлигини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди.

"Отахон сизни нима қийнаяпти?", деб сўрасангиз "Ҳа, халқ дарди билан келдим, фалончи фермер ер бермаяпти ёки писмадончи уй олди, ўғлимга ҳам уй берсин", қабилидаги гапларни тўкиб солишади. Эътибор берсангиз, отахон айтган "халқ", яъни икки-уч киши ташқарида турган бўлади.

Гапимизнинг исботи учун вилоят ҳокимининг туманларда ўтказаётган сайёр қабулини олинг, ҳақиқий томошани ўша ерда кўрасиз. Бирор киши умумий муаммони ўртага ташламайди. Ҳамма ўз дардини айтиб, бир нарса ундириб олиш пайида бўлади. Ачинарлиси, қабулга ногиронлар, қўлтиқтаёқда юрадиган кексалар, икки-учталаб боласини етаклаб олганлар "ташриф" буюраётганлигидир.

Уларни халқ тилида "навбатчи" мурожаатчилар ҳам дейишар экан. Бордию тартиб ўрнатувчилар "сиз олдинги қабулда ҳам келган эдингиз, дамингизни олиб ўтирсангиз бўлмайдими", дейишса балога қолади.

Яна бир бор таъкидлаймиз. Агар таклиф, мурожаат ёхуд аризада маъни-мақсад бўлса, у ким бўлишидан қатъи назар, ёши бир жойга борган отахонларми, айтган гаплари, албатта ижобат бўлади. Арз эшитувчи бу каби мурожаатлардан қаноат ҳосил қилади, муаммога ечим излаш пайи­да бўлади. Аммо ўз манфаати йўлида арзимаган масалани у ёқдан бу ёққа кўтариб юрган кексаларимизга бу ҳаракатлар ярашмайди-да.

Бир сайёр қабулда вилоят ҳокими шундай шахсларга қарата аччиқ, бироқ ибратли бир гапни айтдики, бу барчамиз учун сабоқ бўлиши лозим.

"Аввало, Яратган оёқ-қўлингизни бут қилиб қўйибдими, нега сизнинг ҳовлингизни кимдир бориб ўраб бериши керак. Нега кўчангиздан ўтган ариқни қазиб қўйишга ярамайсизу бошқалардан уйингизни таъмирлаб беришларини сўрайсиз? Нега меҳнат қилишдан қочасиз? Энг қўрқинчли одам - боқиманда одам. Бу тоифалар на ўзига, на оиласига, на жамиятга наф келтиради. Ишлашни истамайсизми, аравангизни бировга тортиришга ҳаракат қилманг. Эл қатори ишланг, бировдан ёрдам сўрашга уялинг. Ҳар доим меҳнат қилган - яхши яшайди".

Биз ҳам бу фикрга қўшилган ҳолда бировга ҳожатбарорлик қилиб идорама-идора хат кўтариб юришга одатланган, кўча-кўйда ғийбатчиликни ихтиёр этган айрим кексаларимизга қарата худди шу гапни айтган - уялинг деган бўлардик.

Кексалик ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Кексалар бор жойда файзу барака бўлади. Хонадонларимиз, давраларимиз нурга тўлади. Айниқса, яратилган имконият ва ғамхўрликдан унумли фойдаланиб, бой ҳаётий тажрибаларини ишга солган ҳолда фойдали иш билан шуғулланаётган фахрийларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Фарзанд ва набираларимизнинг юзини ерга қаратмайлик, "Бобом "ёзувчи" ёхуд ғийбатчи ўтганмиди?" демасликлари учун ёшимизга қараб иш тутиб, имон эътиқодимизни бутун сақлашга интилиб яшайлик.

Адҳам ҲАЙИТОВ.