Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

13 йилдан зиёд вақт қочиб юрган пайариқлик жиноятчи 7 йилга «кесилди»

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми "в" банди (зўрлик ишлатиб, транспорт воситасини олиб қочиш) билан судланувчи М.С.га нисбатан жиноят иши кўрилди.

Ўша куни, яъни 2006 йил 28 январда 1980 йилда Пайариқ туманида туғилган М.С. “гаштак”дан чиқиб, Алишер Навоий МФЙ, Халқобод қишлоғида машинасида ўтирган фуқаро Б.А.ни кўриб қолади.

Б.А.ни уриб машинадан туширган М.С. унга тегишли бўлган “Нексия” русумли автомашинасини олиб қочган. У спиртли ичимлик ичган эмасми, йўлда автомашина бошқарувини йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Воқеадан ҳуши ўзига келган М.С. автомашинани шу ерда қолдириб, ўзи яширинган.

ИИБ ходимлари томонидан автомашинани кўздан кечириш давомида автомашинада номаълум шахсга тегишли бармоқ излари олинган.

Олиб борилган қидирув ишлари натижа бермагач, ҳолат бўйича очилган жиноят иши тўхтатилиб номаълум шахсга қидирув эълон қилинган.

Қорлар ёғди, излар босилди, деб ўйлаган М.С. қаттиқ янглишган эди. У 2019 йилда ИИВ тизимидаги фуқароликни расмийлаштириш бўлимига биометрик паспорт олиш учун мурожаат қилган вақтда автомашинада қолдирилган бармоқ излари унга тегишли эканлиги аниқланиб ушланган.

Судланувчи М.С.га Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми "в" бандига асосан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ш.ШАРИПОВ,

жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди раиси.